Ушбу беллашувларда ўн беш нафар ўзбекистонлик паралимпия спортчиларимиз ўз омадларини синаб кўрадилар.
Баҳсларда аёллар ўртасида Хуррамова Лобар(48кг),Салаева Севинч (52кг вазн тоифасида), Самандарова Парвина(57кг), Алибоева Васила(-70кг),Юсупова Ферузахон(+70кг), Курбанбаева Ирисхон(63кг),
Шерипбоева Нафиса(57кг),
Курязова Кумуш(48кг) хамда эркаклар ўртасида Намозов Шерзод(-60кг), Нигматов Ўткиржон(-66кг), Сайидов Феруз(-73кг), Мирзаев Нурбек(-81кг),Бобоев Шухрат(-90кг), Халилов Шариф(-100кг), Шарипов Ширинлар(+100кг)юртимиз шарафини ҳимоя қиладилар. Мазкур мусобақа спортчиларимизга Токио-2020 Паралимпия ўйинларига йўлланма берадиган мухим мусобақалардан бири хисобланади.
Биз ушбу чемпионатда иштирок этадиган паралимпия спортчиларимизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.



Самарқанд шаҳридаги махсус эшкак эшиш мажмуасида 23 ёшгача бўлган ва ундан кичик ёшдаги спортчилар ўртасида Осиё чемпионати, параканоэ бўйича Осиё чемпионати ҳамда Осиё Кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.
Осиё миқёсидаги халқаро мусобақаларни параканоэ бўйича спортчилар бошлаб бердилар. Мазкур мусобақада 6 та Осиё давлатларидан 50 дан ортиқ паралимпия спортчилари совринли ўринлар учун куч синашдилар.

Ғолиблар рўйхатини эътиборингизга тақдим этамиз:

Аёллар:
KL2+KL3:
1-ўрин: Шахноза Мирзаева (Ўзбекистон)
2-ўрин: Беҳрузирад Шаҳла (Эрон)
3-ўрин: Кайи Йошими (Япония)
VL2+VL3:
1-ўрин: Беҳрузирад Шаҳла (Эрон)
2-ўрин: Солтани Ройя (Эрон)
Эркаклар:
KL2:
1-ўрин: Азизбек Абдулҳабибов (Ўзбекистон)
2-ўрин: Мирзоҳид Шарапов (Ўзбекистон)
3-ўрин: Бибарис Спатай (Қозоғистон)
KL3:
1-ўрин: Елвази Надер (Эрон)
2-ўрин: Жалгас Тайкенов (Қозоғистон)
3-ўрин: Павел Сулейманов (Ўзбекистон)
VL3:
1-ўрин: Ҳаитмурод Шерқўзиев (Ўзбекистон)
2-ўрин: Абдубек Уснадинов (Ўзбекистон)
3-ўрин: Тацуми Хироми (Япония)
VL1+VL2:
1-ўрин: Жаҳеди Эслам (Эрон)
2-ўрин: Като Таканори (Япония)
3-ўрин: Агҳандеҳ Амин (Эрон).



Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси вилоятларда селекция қилинган спортчиларнинг жисмоний холатини ва эга бўлган техник-тактик малакасини аниқлаш мақсадида жорий йилнинг 20 октябр куни Тошкент шахрида жойлашган Паралимпия марказида Республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган паралимпия спортчилари ўртасида дзюдо бўйича Ўзбекистон Кубогини ўтказди.
Бунда 50дан ортиқ спортчилар, жумладан эркаклар -60, -66, -73, -81, -90, -100, +100 вазн тоифасида ҳамда аёллар -48, -52, -56, -63, -70, +78 вазн тоифасида куч синашдилар.
Мусобақа натижаларига кўра 1- ўринни Хоразм вилояти, 2- ўринни Қашқадарё вилояти ва 3- ўринни Бухоро вилояти терма жамоа спортчилари эгалладилар.



  • 6 октябрь куни Индонезиянинг Жакарта шаҳрида старт олган III ёзги Параосиё ўйинлари бугун ўз ниҳоясига етди.
    Ўзбекистон делегацияси мусобақада 54 нафар спортчи билан иштирок этиб, 77 та медаль (35 та олтин, 24 та кумуш ва 18 та бронза) жамғарди ва мусобақа тарихидаги энг яхши натижасига эришди.
    Ўзбекистон параатлетларининг халқаро майдондаги натижалари: • I Параосиё ўйинлари, Гуанчжоу-2010: 21 спортчидан 6 та медаль (1+2+3) • XIV Паралимпия ўйинлари, Лондон-2012: 10 спортчидан 1 та медаль (кумуш) • II Параосиё ўйинлари, Инчеон-2014: 27 спортчидан 31 та медаль (22+5+4) • XV Паралимпия ўйинлари, Рио-2016: 32 спортчидан 31 та медаль (8+6+17) • III Параосиё ўйинлари, Жакарта-2018: 54 спортчидан 77 та медаль (35+24+18)

    Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон делегациясини Жакарта-2018нинг энг сермаҳсул жамоаси бўлди, дейиш мумкин. Негаки, мусобақада кучли ўнликка кирган мамлакатлар орасида айнан Ўзбекистон терма жамоаси энг кам спортчи билан иштирок этди. Хусусан, Хитой – 232, Жанубий Корея – 201, Эрон – 210, Япония – 303, Ўзбекистон – 54, Индонезия – 295, Таиланд – 237, Малайзия – 139, Ҳиндистон – 193, Гонконг – 100 нафар атлет билан ташриф буюрган эди.
    Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари бешта спорт турида мусобақаларда қатнашиб, уларнинг тўрттасида (сузиш, енгил атлетика, дзюдо, пауэрлифтинг) медаллар жамғаришди. Фақат ўқ отиш бўйича баҳслар бундан мустасно. Энг кўп соврин сузиш бўйича баҳсларда қўлга киритилди.

    Сузиш терма жамоасининг икки вакиласи – Фотима Омилова ва Шоҳсанамхон Тошпўлатова мусобақада ўзлари иштирок этган 7 та йўналишдаги баҳсларнинг барчасида совриндорлар сафидан жой олишди. Бу икки спортчи биргаликда 7 та олтин, 6 та кумуш, 1 та бронза билан умумий жамғармага салмоқли ҳисса қўшди.
    Сузувчилардан, шунингдек, Дмитрий Хорлин ва Ислом Асланов бештадан медалга сазовор бўлди. Яна қатор спортчилар бир неча мартадан шоҳсупага кўтарилишнинг уддасидан чиқишди.

    Ўзбекистон спортчилари Параосиё ўйинлари давомида кўплаб рекордлар (39 та) муаллифи бўлишди. Хусусан, сузишда 2 марта жаҳон рекорди, 12 марта қитъа ва 13 марта Параосиё ўйинлари рекордлари ўзбекистонлик атлетлар томонидан янгиланди. Енгил атлетикада 1 марта жаҳон, 2 марта Осиё, 9 марта Параосиё ўйинлари рекордлари янгиланди. Риодаги Паралимпия ўйинларида иккита олтин медаль соҳибаси бўлган Фотима Омилова Жакартада иккита йўналишда дунё рекордини қайд этишга муваффақ бўлди. Эътиборлиси, 19 ёшли атлет брасс усулида 100 метрга сузиш бўйича Риода ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилади.

    Дунёнинг энг яхши натижасини кўрсатган терма жамоанинг яна бир аъзоси – Ҳусниддин Норбеков. Ўзбекистон делегациясининг байроқдори ўзи учун янги йўналиш – ядро улоқтиришда 10 йил давомида ўзгармай келган жаҳон рекордини янгилади. Норбеков 2016 йили Рио-де-Жанейрода диск улоқтириш бўйича дунё рекордини ўрнатган эди.

    Мусобақа давомида сузиш бўйича терма жамоа аъзолари шарофати билан 4 маротаба шоҳсупа фақат Ўзбекистон байроқларига аталди.

    Ўзбекистон терма жамоаси медаллар рейтингида мусобақанинг 1-3-кунларида иккинчи, 4-кунда тўртинчи ва 5-6-кунларда бешинчи ўринларни эгаллаб турган эди. Аммо сўнгги – 7-кунга келиб мезбон Индонезия бадминтон бўйича баҳслар натижасига кўра кучли бешликка кириб олди. Шу тариқа, Ўзбекистон III Параосиё ўйинларини 6-ўринда якунлади.



Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари давом этмоқда. Бугун мусобақа доирасида учинчи кун баҳслари бўлиб ўтди.

Қувонарлиси, бугун беллашувларда иштирок этган спортчиларимиз 10та медаль қўлга киритишди. Уларнинг 5таси олтин, 4таси кумуш ва 1таси бронза медалларидир.

Бугун совриндор бўлган спортчиларимиз рўйхати:

Олтин:

Элбек Султонов (енгил атлетика)
Дониёр Аҳмедов (енгил атлетика)
Нурбек Мирзаев (дзюдо)
Дмитрий Хорлин (сузиш)
Фотима Амилова (сузиш)

Кумуш:

Феруз Саидов (дзюдо)
Нафиса Шерипбаева (дзюдо)
Шоҳсанамхон Тошпўлатова (сузиш)
Фирдавсбек Мусабеков (сузиш)

Бронза:

Парвина Самандарова (дзюдо)

Учинчи кун якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси медаллари сони 31тага етди. Вакилларимиз 18та олтин, 9та кумуш ва 4та бронза медалларига эга чиқишган. Медаллар жамғариш бўйича эса Хитой ва Жанубий Кореядан сўнг учинчи ўринни эгаллаб турибмиз.



III – Пара осиё ўйинларининг иккинчи кунида, бизнинг Ўзбекистон Миллий Паралимпия терма жамоамиз, 42 та давлатдан келган 6000 дан ортиқ спортчилар ўртасида бугунги кунда умум жамоа ҳисобида 3- ўринни қўлга киритиб туришибди. Бизнинг Ўзбекистон Миллий Паралимпия спортчиларимиз 4 та спорт туридан муносиб иштирок этишиб, 1 та жаҳон рекорди ва 3 та Пара осиё ўйинлари рекордларини янгилашди ва қуйидаги натижаларга эришишди:
1. Енгил атлетика спорт тури бўйича Ўзбекистон Миллий Паралимпия терма жамоамиз 6 та олтин ва 1 та бронза медалларини қўлга киртишиб, Норбеков Хусниддин томонидан жахон рекорди ўрнатилди.
2. ДЗЮДО спорт тури бўйича Миллий Паралимпия спортчиларимиз томонидан 2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медаллари қўлга киритилди.
3. Пауэрлифтинг спорт тури бўйича Миллий Паралимпия спортчиларимиз илк бор иштирок этишиб, Роза Кузиева Пара осиё ўйинлари рекордини ўрнатиб олтин медалга сазовор бўлди.
4. Сузиш бўйича Миллий Паралимпия терма жамоамиз ҳам юқори натижаларни қўлга киритишди ва 2 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 1 та бронза медалларига сазовор бўлишди ва 2 та осиё рекордларини қўлга киритишди.
Шунга қарамасдан спортчиларимиз эртанги кунда янада юқори натижаларни киритишга ҳаракат килишиб, медаллар учун баҳсга шай туришибди.



Индонезиянинг Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари бошланганлиги ҳақида хабар бергандик. Бугун мусобақаларга расман старт берилди.
Биринчи кунги баҳсларда бир қатор спортчиларимиз баҳсларга киришишди. Қувонарлиси, уларнинг тўрт нафари совриндорлар қаторидан ўрин олди.
Медалларнинг барчаси сузиш баҳсларида қўлга киритилди. Эркаклар ўртасида S13 йўналишида 400 метрга эркин сузиш бўйича иштирок этган Дмитрий Хорлин барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медаль соҳибига айланди. Ундан кейин эса маррага Ислам Асланов етиб борди ва кумуш медалга эга чиқди. Ҳудди шу йўналишнинг аёллар ўртасидаги беллашувларида ҳам олтин ва кумуш медаллар ҳамюртларимизга насиб қилди. Шоҳсанамхон Тошпўлатова маррага биринчи бўлиб етиб борди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади. Ундан кейинги натижани қайд этган Фотимахон Амилова эса кумуш медалга сазовор бўлди.
Мусобақанинг биринчи кунидан сўнг сўнг 2 та олтин, 2 та кумуш медаль қўлга киритган Ўзбекистон делегацияси Хитой ва Япониядан сўнг умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллаб турибди.



Бугун, 6 октябрь куни Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Осиё ва Параосиё ўйинларининг бош стадиони “Gelora Bung Karno Main Stadium”да ўтказилган тадбирда мазкур ўйинларда иштирок этувчи барча мамлакатлар спорт делегациялари стадион бўйлаб тантанали тарзда чиқиш қилишди. Ўзбекистон спорт делегацияси байроқдори вазифасини аввал хабар берилганидек Ҳусниддин Норбеков бажарди.
Маросимда мезбон мамлакат – Индонезия маданияти, анъаналари акс этган турли саҳна кўринишлари ҳам намойиш этилди. Шунингдек, Индонезия Президенти Жоко Видодо сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлади ва барчага омад тилади.



Хабарингиз бор, 7 октябр куни Индонезияда III Пара Осиё ўйинлари старт олади. Ўзбекистон спорт делегацияси катта тайёргарлик билан мусобақа ўтказиладиган мамлакатга етиб келган. Ўйинлар бошланишига икки кун қолганида ҳамюртларимиз навбатдаги расмий тадбир – иштирокчи мамлакатларнинг байроқларини кўтариш маросимида қатнашишди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси вакиллари, мураббийлар ва спортчиларимиз иштирок этишди. Ватанимиз мадҳияси садолари остида байроғимиз кўтарилди. Энди Жакартадаги Паралимпия шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи ҳам ҳилпираб турибди. Маросим давомида Ватанимиз байроғи билан бир қаторда Сингапур, Ливан, Яман ва Манголия байроқлари ҳам кўтарилди.

Тадбир якунида Паралимпия шаҳарчаси мэри Рафик Хаким Радинал делегациялар раҳбарларига эсдалик совғаларини топширди. Ўз навбатида Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси номидан мезбонларга аталган эсдалик совғаси туҳфа қилинди.



Бугун Ўзбекистон делегациясининг катта қисми Пара Осиё ўйинлари пойтахтига етиб келди. Уларни маҳаллий «Soekarno Hattа» халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикасининг Индонезиядаги элчиси Улуғбек Розуқулов ва элчихона вакиллари, Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси ишчи гуруҳи аъзолари, Жакартада истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз, шунингдек, ташкилий қўмита томонидан Ўзбекистон спорт делегацияси учун бириктирилган кўнгиллилар кутиб олишди.

Спортчи ва мураббийларимиз аэропортдан тўғри Кемайоран дахасидаги Паралимпия шаҳарчасига йўл олишди. Улар Пара Осиё ўйинлари давомида айнан шу ерда истиқомат қилишади.
Спортчи ва мураббийларимиз аэропортдан тўғри Кемайоран дахасидаги Паралимпия шаҳарчасига йўл олишди. Улар Пара Осиё ўйинлари давомида айнан шу ерда истиқомат қилишади. Мазкур ўйинларда спортчиларимиз паралимпия спортининг дзюдо, сузиш, енгил атлетика, ўқ отиш ва пауэрлифтинг турларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладилар.

Маълумот учун, 6 октябр соат 18:08да (Тошкент вақти билан 16:08) Жакартадаги «Gelora Bung Karno Stadium»да XVIII Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. 7 октябрдан эса асосий мусобақаларга старт берилади.