Хабарингиз бор, 6-13 октябр кунлари Индонезия Пара Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Ўйинларда ўзбекистонлик паралимпиячилар ҳам иштирок этишлари режалаштирилмоқда.
Бугун, 18 сентябр куни Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциациясида Индонезиядаги Параосиё ўйинларига расмий кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси Президенти Умид Ахматджанов, Паралимпия ассоциацияси Раиси Улуғбек Мирхайдаров ҳамда ассоциация ходимлари, яқинлашиб келаётган ўйинларда иштирок этувчи спортчиларимиз ва уларнинг мураббийлари ҳамда оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини МОҚ Президенти ва Ўзбекистон Паралимпия ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов терма жамоамиз аъзоси Ҳусниддин Норбековга тантанали равишда топширди.

Якунда паралимпиячиларнинг кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшиш мақсадида хонанда Лола томонидан ишланган янги «Бир жамоа» видеоклипи намойиш этилди. Бунгача Миллий олимпия қўмитасида ушбу клипнинг тақдимот маросими ўтказилганди.
Эслатиб ўтамиз, III Параосиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк маротаба 54 нафар спортчи билан иштирок этади. Ҳамюртларимиз спортнинг бешта тури: пауэрлифтинг, дзюдо, ўқ отиш, сузиш ва енгил атлетика бўйича баҳсларда ўз омадларини синаб кўришади. Бу сафар II Параосиё ўйинларига қараганда икки баробар кўп спортчи билан иштирок этамиз. Таққослаш учун тўрт йил олдин Инчеондаги ўйинларда 27 нафар паралимпиячимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилганди ва 31та медал билан Ватанимизга қайтганди.

Leave a Comment