Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси жисмоний имкониятлари чекланган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар орасида паралимпия ҳаракатини ривожлантириш орқали имконияти чекланганларнинг жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш, ҳаётга қизиқишини ошириш, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида инсонпарварлик фаолиятини амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриши тўғрисида”ги ПҚ-2821-сонли қарори бунда муҳим омил бўлган. Бунинг самарасида паралимпия спортчиларимиз халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда, Паралимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқдалар.

Шу кунларда Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан хамкорликда Тошкент шахрида жойлашган имконияти чекланган боллалар махсус мактаб-интернатлари ва коллежи тарбияланувчилари ўртасида паралимпия спорт турлари бўйича бир қатор спорт мусобақаларини ўтказиб келмоқда. Жумладан, 20 апрел куни соат 10-00да З.М.Бобур номидаги Тошкент марказий эко боғида 100-сонли имконияти чекланган болалар махсус мактаб-интернати ва заиф кўрувчи болалар махсус мактаб-интернати тарбияланувчилари ўртасида спорт марафонини ўтказилди. Мазкур марафонда 80га яқин болалар совринли ўринлар учун куч синашдилар.

Тадбир cўнгида мусобақа ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси томонидан эсталик совғалар билан тақдирландилар.
Иштирокчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мусобақада элимиз суйган санъаткорлар ўзларининг чиқишлари ва болаларга билдирган тилаклари билан барчани ҳушнуд қилдилар.

Leave a Comment