Индонезиянинг Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари бошланганлиги ҳақида хабар бергандик. Бугун мусобақаларга расман старт берилди.
Биринчи кунги баҳсларда бир қатор спортчиларимиз баҳсларга киришишди. Қувонарлиси, уларнинг тўрт нафари совриндорлар қаторидан ўрин олди.
Медалларнинг барчаси сузиш баҳсларида қўлга киритилди. Эркаклар ўртасида S13 йўналишида 400 метрга эркин сузиш бўйича иштирок этган Дмитрий Хорлин барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медаль соҳибига айланди. Ундан кейин эса маррага Ислам Асланов етиб борди ва кумуш медалга эга чиқди. Ҳудди шу йўналишнинг аёллар ўртасидаги беллашувларида ҳам олтин ва кумуш медаллар ҳамюртларимизга насиб қилди. Шоҳсанамхон Тошпўлатова маррага биринчи бўлиб етиб борди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади. Ундан кейинги натижани қайд этган Фотимахон Амилова эса кумуш медалга сазовор бўлди.
Мусобақанинг биринчи кунидан сўнг сўнг 2 та олтин, 2 та кумуш медаль қўлга киритган Ўзбекистон делегацияси Хитой ва Япониядан сўнг умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Leave a Comment