Мазкур нуфузли мусобақа Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва мамлакатимиз дзюдо федерацияси томонидан Халқаро кўзи ожизлар спорт ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган инсонлар, айниқса, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиб, ўз салоҳиятини намоён қилиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бунинг самарасида Ўзбекистон паралимпиячилари жаҳон ва қитъа чемпионатлари ҳамда Паралимпия ўйинларида улкан зафарларни қўлга киритмоқда.
Халқаро кўзи ожизлар спорт ассоциацияси мамлакатимизда Паралимпия ўйинлари дастуридан жой олган дзюдони жисмоний имконияти чекланган ёшлар ўртасида янада оммалаштиришга доимий эътибор қаратилаётгани, нуфузли спорт анжуманлари юксак савияда ташкил этилаётгани ҳамда замонавий спорт инфратузилмаси мавжудлигини инобатга олиб, мазкур мусобақани Тошкент шаҳрида ўтказишга қарор қилди. Нуфузли мусобақада 30 га яқин давлатдан келган полвонлар 13 вазн тоифасида ғолиблик учун куч синашди. Кескин ва муросасиз баҳсларга бой ўтган чемпионатда Шуҳрат Бобоев, Шерзод Намозов, Феруз Саидов, Парвина Самандарова ўз вазн тоифаларида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди. 


Спортчиларимиз Нурбек Мирзаев, Васила Алибоева, Севинч Салаева кумуш медални қўлга киритган бўлса, Шариф Халилов, Ширин Шарипов, Ферузахон Юсупова, Гулруҳ Раҳимова бронза медаль билан тақдирланди.
– Чемпионатда зафар қучганимиздан ғоят бахтиёрмиз, – дейди Феруз Саидов. – Бу натижа билан тўхтаб қолмаймиз, келгусида ўтказиладиган қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Паралимпия ўйинларида ҳам муносиб қатнашиб, ўзбек паралимпиячиларининг юксак салоҳиятини бутун жаҳонга намойиш этишга ҳаракат қиламиз.
Чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси 4 олтин, 3 кумуш ва 4 бронза медални қўлга киритиб, умужамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
#ibsajudotashkent2017

 

Leave a Comment