Миллий Олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг биринчи вице-президенти, Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси раиснинг биринчи ўринбосари Умид Аҳмаджонов юртимиздаги машҳур спортчилар, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари совриндорлари, Осиё чемпиони бўлган футболчилар ва мураббийлар билан биргаликда пойтахтимизда жойлашган 100-ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда Кўзи ожизлар мактаб интернатига ташриф буюрди.

Ушбу интернатларда тарбияланаётган имконияти чекланган болаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғалари — футбол тўплари, спорт анжомлари ва Фахрий ёрлиқлар топширилди.

“Бугун Сизнинг ҳузурингизга юртимизнинг машҳур спортчилари, яқиндагина Осиё чемпиони бўлган футболчилар ва мураббийлар билар бирга келдик. Насиб этса, бундай ташрифларни йил давомида мунтазам равишда амалга ошириб борамиз. Сизларга ҳам келгусида машҳур спортчи бўлиб, юртимиз шарафини халқаро майдонларда ҳимоя қилиб юришингизни тилаймиз. Биргаликда юртимиз спортини ва футболини юқори поғоналарга олиб чиқамиз”, – деди Умид Аҳмаджонов.

“Президентимиз томонидан қаратилаётган эътибордан жуда хурсандмиз. Совғалар учун уларга катта раҳмат айтмоқчимиз. Бу эътиборга муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз. Совғаларда мазза қилиб футбол ўйнаймиз. Ютуқларга эришамиз. Катта раҳмат”, – деди мактабнинг ёш тарбияланувчиларидан бири ҳисобланган Самариддин Муродов.

Leave a Comment