• 6 октябрь куни Индонезиянинг Жакарта шаҳрида старт олган III ёзги Параосиё ўйинлари бугун ўз ниҳоясига етди.
    Ўзбекистон делегацияси мусобақада 54 нафар спортчи билан иштирок этиб, 77 та медаль (35 та олтин, 24 та кумуш ва 18 та бронза) жамғарди ва мусобақа тарихидаги энг яхши натижасига эришди.
    Ўзбекистон параатлетларининг халқаро майдондаги натижалари: • I Параосиё ўйинлари, Гуанчжоу-2010: 21 спортчидан 6 та медаль (1+2+3) • XIV Паралимпия ўйинлари, Лондон-2012: 10 спортчидан 1 та медаль (кумуш) • II Параосиё ўйинлари, Инчеон-2014: 27 спортчидан 31 та медаль (22+5+4) • XV Паралимпия ўйинлари, Рио-2016: 32 спортчидан 31 та медаль (8+6+17) • III Параосиё ўйинлари, Жакарта-2018: 54 спортчидан 77 та медаль (35+24+18)

    Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон делегациясини Жакарта-2018нинг энг сермаҳсул жамоаси бўлди, дейиш мумкин. Негаки, мусобақада кучли ўнликка кирган мамлакатлар орасида айнан Ўзбекистон терма жамоаси энг кам спортчи билан иштирок этди. Хусусан, Хитой – 232, Жанубий Корея – 201, Эрон – 210, Япония – 303, Ўзбекистон – 54, Индонезия – 295, Таиланд – 237, Малайзия – 139, Ҳиндистон – 193, Гонконг – 100 нафар атлет билан ташриф буюрган эди.
    Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари бешта спорт турида мусобақаларда қатнашиб, уларнинг тўрттасида (сузиш, енгил атлетика, дзюдо, пауэрлифтинг) медаллар жамғаришди. Фақат ўқ отиш бўйича баҳслар бундан мустасно. Энг кўп соврин сузиш бўйича баҳсларда қўлга киритилди.

    Сузиш терма жамоасининг икки вакиласи – Фотима Омилова ва Шоҳсанамхон Тошпўлатова мусобақада ўзлари иштирок этган 7 та йўналишдаги баҳсларнинг барчасида совриндорлар сафидан жой олишди. Бу икки спортчи биргаликда 7 та олтин, 6 та кумуш, 1 та бронза билан умумий жамғармага салмоқли ҳисса қўшди.
    Сузувчилардан, шунингдек, Дмитрий Хорлин ва Ислом Асланов бештадан медалга сазовор бўлди. Яна қатор спортчилар бир неча мартадан шоҳсупага кўтарилишнинг уддасидан чиқишди.

    Ўзбекистон спортчилари Параосиё ўйинлари давомида кўплаб рекордлар (39 та) муаллифи бўлишди. Хусусан, сузишда 2 марта жаҳон рекорди, 12 марта қитъа ва 13 марта Параосиё ўйинлари рекордлари ўзбекистонлик атлетлар томонидан янгиланди. Енгил атлетикада 1 марта жаҳон, 2 марта Осиё, 9 марта Параосиё ўйинлари рекордлари янгиланди. Риодаги Паралимпия ўйинларида иккита олтин медаль соҳибаси бўлган Фотима Омилова Жакартада иккита йўналишда дунё рекордини қайд этишга муваффақ бўлди. Эътиборлиси, 19 ёшли атлет брасс усулида 100 метрга сузиш бўйича Риода ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилади.

    Дунёнинг энг яхши натижасини кўрсатган терма жамоанинг яна бир аъзоси – Ҳусниддин Норбеков. Ўзбекистон делегациясининг байроқдори ўзи учун янги йўналиш – ядро улоқтиришда 10 йил давомида ўзгармай келган жаҳон рекордини янгилади. Норбеков 2016 йили Рио-де-Жанейрода диск улоқтириш бўйича дунё рекордини ўрнатган эди.

    Мусобақа давомида сузиш бўйича терма жамоа аъзолари шарофати билан 4 маротаба шоҳсупа фақат Ўзбекистон байроқларига аталди.

    Ўзбекистон терма жамоаси медаллар рейтингида мусобақанинг 1-3-кунларида иккинчи, 4-кунда тўртинчи ва 5-6-кунларда бешинчи ўринларни эгаллаб турган эди. Аммо сўнгги – 7-кунга келиб мезбон Индонезия бадминтон бўйича баҳслар натижасига кўра кучли бешликка кириб олди. Шу тариқа, Ўзбекистон III Параосиё ўйинларини 6-ўринда якунлади.

Leave a Comment