Uzbekistan Airways тарифларини қайта кўриб чиқади

Uzbekistan Airways авиакомпаниясида тарифлар сиёсати қайта кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда компания раиси ўринбосари Умид Ҳусанов маълум қилди.

«Жаҳон банки мутахассислари билан биргаликда компанияни ислоҳ қилиш масаласини кўриб чиқмоқдамиз. Шу жумладан, тариф сиёсати ҳам ўрганилмоқда. Ҳозир биз иккинчи босқичдамиз», деди Ҳусанов Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Сенат қўмитаси иштирокида «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг ижроси муҳокамаси чоғида.

Унинг қайд этишича, тарифларга тегишли ҳужжат 1994 йилда қабул қилинган бўлиб, ҳозирда эскирган. Бу эса соҳа учун камчилик ҳисобланади.

«Шунинг учун ҳужжат Жаҳон банки билан биргаликда кўриб чиқилди. Умуман олганда, у тайёр. Яқин орада тарифлар Транспорт вазирлигига кўриб чиқиш учун юборилади», деди у.

Компания вакили тарифлар харажатларга боғлиқ бўлиши, пандемия туфайли компания харажатлар таркибини, уни камайтириш йўлларини кўриб чиққани, ҳозирда аниқ чора-тадбирлар мавжудлиги, пандемиядан сўнг компания тўлиқ ишлашни бошласа, натижалар кўрина бошлашини қўшимча қилиб ўтган. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *