UZREPORT TV Токио-2020 Паралимпия ўйинларининг эксклюзив трансляция ҳуқуқини харид қилди

Жорий йилнинг 24 августидан 5 сентябрига қадар Токиода Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади.

Мазкур мусобақада ўзбекистонлик спортчилар жами 8 та спрорт турида: ўқ отиш, пара каноэ, пара сузиш, пара таэквондо, пара енгил атлетика, пара дзюдо, пара академик эшкак эшиш ва пара пауэрлифтинг иштирок этади.

Мусобақада иштирок этадиган спортчиларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида, УЗРЕПОРТ ТВ телеканали Паралимпия ўйинларининг эксклюзив трансляция ҳуқуқини харид қилди.

“Паралимпия ўйинлари мақсад сари интилувчан спортчилар учун катта имкониятлар эшикларини очади, уларга майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам ўз орзуларини рўёбга чиқаришга ёрдам беради ”, – деди УзРепорт ахборот агентлиги бош директори Равшанхон Джураев. “Ҳар куни кўплаб тўсиқларни енгиб ўтадиган бу спортчилар УЗРЕПОРТ телеканали томонидан тарғиб қилинаётган қадриятларнинг ажойиб тимсолидир. Биз фахр билан Паралимпия ўйинларини Ўзбекистонда бизнинг телеканал трансляция қилишини эълон қиламиз. Умид қиламизки, ҳамюртларимиз бу мусобақаларда Риодаги каби муваффақиятли иштирок этишади”.

«Спортчиларимизнинг катта ёки кичик ҳар бир ютуғи ҳаммамиз учун ғалаба. Биз уларнинг тўсиқларни енгиб ўтиш ва орзуларини рўёбга чиқаришга бўлган чексиз интилишидан илҳом оламиз. Биз ҳар бир ўзбекистонликдан паралимпиячиларимизни қўллаб-қувватлашни, Паралимпия спорти ёрдамида янада инклюзив жамият яратиш ёълида бирлашишни сўраймиз ”, – деди УЗРЕПОРТ ТВ бош муҳаррири Гулноза Ҳусанова.

Маълумот учун, Рио-2016 Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон 8та олтин, 6та кумуш, 17та бронза — жами 31та медални қўлга киритиб, умумий ҳисобда 15-ўринни эгаллаганди.

Халқаро паралимпия қўмитаси маълумотларига кўра, Токио Паралимпия ўйинларида 22 спорт тури бўйича 539 медаллар тўплами ўйналади. Ўйинларда 4400 спортчи иштирок этиши кутилмоқда, шундан 1756 нафар аёллар – бу ўйинлар тарихидаги рекорд кўрсаткич.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *