WKF президенти миллий федерациялар билан онлайн учрашувлар ўтказди

Жаҳон каратэ федерацияси (WKF) президенти Антонио Эспинос миллий федерациялар вакиллари билан иккинчи бор онлайн учрашувлар ўтказди. Унда COVID-19 пандемиясининг каратэ спортига таъсири ва унга қарши курашиш чора-тадбирлари ҳақида гапириб ўтди.

Уч кун давом этган мазкур учрашувларда 80 га яқин миллий федерациялар вакиллари иштирок этди.

Эспинос пандемия даврида спортни сақлашда барча аъзоларнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

«Май ойида бўлиб ўтган биринчи учрашувдан сўнг ва бугун ҳар бирингизни диққат билан тинглаганимиздан кейин, менда каратэ дунёси бир неча ой олдинги ҳолатидан кўра ҳозир анча яхши аҳволда эканлиги ҳақида таассурот пайдо бўлди. Барчангиздан ушбу ажойиб фикр ва мулоҳазаларни қабул қилишдан мамнунман. Спортимиз ривожига қўшган салмоқли ҳиссангиз учун барчангизга миннатдорчилик билдираман»- деди WKF президенти.

Антонио Эспинос кун тартибидаги яна бир масала – каратэни ривожлантириш ва оммалаштириш масаласига тўхталиб ўтди. Шунингдек, учрашувда мусобақаларни қайта бошлаш учун турли таклифлар ҳам муҳокама қилинди. Якунда йил охиригача яна бир онлайн учрашув ўтказишга келишиб олинди.

«Бутун каратэ оиласи севимли спортимизнинг қайтишини кутмоқда», – дея қўшимча қилди Эспинос. «Биз кутган вақт, албатта, келади. Бизнинг спортчиларимиз ва вакилларимиз барчани илҳомлантиришда давом этадилар. Мухлисларимиз ва манфаатдор томонларга севимли спортимизнинг қадриятлари, бирдамлиги ва унга бўлган фидойиликни нишонлаш имкониятини тақдим этиш бизнинг вазифамиздир. Ишончим комилки, биргаликда ва иштирок этаётган барча томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан тез орада фаолиятимизни давом эттиришимиз мумкин бўлади. Спортчиларимиз вазият барқарорлаши билан мусобақаларга қайтишади».

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *