Абитуриент коронавирусдан даволанаётган бўлса, имтиҳон кунида қандай йўл тутиши керак?

Расмийлар имтиҳон куни келмаган абитуриентларга бошқа имкон берилмаслигини айтмоқда. Бу ҳолда коронавирусдан даволанаётган, демакки вирусни бошқаларга ҳам юқтириши мумкин бўлган абитуриентлар тестда қатнашмаслиги аниқ бўлса ҳам, имтиҳонга боришга мажбур бўлиши мумкин.

Бугун, 7 август куни АОКАда ОТМларга қабул имтиҳонлари юзассидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда тест кунида коронавирусдан даволанаётган абитуриентлар бўйича саволга жавоб берилди.

Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабовнинг таъкидлашича, тест синовларида иштирок этиш учун келган абитуриентнинг тана ҳарорати юқори бўлса, бундай абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари тўлиқ якунлангач, 4 кундан сўнг алоҳида тест синовлари ташкиллаштириб берилади.

«Бу тартиб тестга келган абитуриентлар орасидан ҳолати ёмонларини ажратиб олиб, улар учун кейинроқ имтиҳон ташкиллаштириб берилишини назарда тутади. Лекин қанақадир узрли сабаб билан тестга кела олмаса, уларнинг ҳолати ва сони ўрганиб чиқилиб, Давлат қабул комиссиясига бу бўйича таклиф берилади. Бунда абитуриент касал бўлгани ва узрли сабабга кўра тестга кела олмагани ҳақида тегишли ҳужжатни тақдим этиши керак бўлади», – деди Сардор Ражабов.

ДТМ бошқарма бошлиғи Диёрбек Қўчқоровнинг айтишича, тестга келмаган абитуриентлар имтиҳонда қатнаша олмайди.

«Қандайдир сабабларга кўра тест синовларига умуман келмаган абитуриентлар учун алоҳида қоидалар белгиланмаган. Бундай абитуриентлар кейинги йилги имтиҳонларда иштирок этиши мумкин.

Имтиҳонга келган пайтда абитуриентнинг коронавирусга чалингани аниқланса ва унга коронавирусга чалингани тўғрисида хулоса берилса, бу абитуриентнинг имтиҳонга қўйилмаслиги учун асос бўлади. Касалланган абитуриентлар шу йилги имтиҳонларга қўйилмайди, улар кейинги йилги имтиҳонларга киритилади», – деди Диёрбек Қўчқоров.

Kun.uz мухбири масалага аниқлик киритиш мақсадида ДТМ матбуот хизмати билан боғланиб, «Коронавирусдан даволанаётган абитуриент имтиҳон кунида нима қилиши керак: уйда қолсинми ё имтиҳонга бориши керакми?» деган савол билан мурожаат қилди.

«Амалдаги тартибга кўра, имтиҳонга кела олмаган, лекин коронавирусдан даволанаётган абитуриентлар қайта ташкиллаштириладиган имтиҳонга киритилмайди. Лекин имтиҳонга келган вақтда тана ҳарорати юқори бўлган ёки коронавирусга чалингани аниқланган абитуриентларда тест якунига қадар тузалгани тўғрисида асоси бўлса, улар кейинчалик ташкиллаштириладиган имтиҳонда иштирок этиш имконига эга бўлади. Чунки бу абитуриентлар соғлом ва уларни имтиҳонга киритмасликка ҳеч қандай асос йўқ», – дея изоҳ берди ДТМ вакили Жамшидбек Одилов.

Катта эҳтимол билан, мазкур масалада ҳозирча бир қарорга келинмаган ва масалага Давлат қабул комиссияси қарори билан ечим топилиши мақсадга мувофиқ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *