Аҳрол Рўзиев: “Қоракўзларимизни ҳам Олимпиада шоҳсупасида кўрамиз”

Бирлашган кураш дунёси (UWW) вице-президенти, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, педагогика фанлари доктори, профессор Аҳрол Рўзиев “OlympicUz” ахборот-таҳлилий дастури меҳмони бўлди. Етакчи мутахассис билан суҳбатимиз бугунги пандемия шароитида спорт мусобақаларини ўтказиш, Токио-2020 Олимпиадаси учун муносиб спортчиларни саралаб олиш, спорт курашлари ассоциациясининг муҳим режалари хусусида бўлди.

– Пандемия муносабати билан бутун дунёда спорт мусобақалари тўхтатилди. Жумладан, спорт курашлари бўйича ҳам. Декабрь ойида Сербияда жаҳон чемпионати ўтказиш режалаштирилди. Пандемиядан кейин Бирлашган кураш дунёсининг сиёсати қандай кўриниш олди?
– Ўтган 6 ой давомида 3-4 марта UWWнинг Ижроқўм аъзолари йиғилиши ўтказилди. Асосий масала – энди қандай чора-тадбирлар кўришимиз ҳақида. Осиё, Европа, Америка қитъасида мусобақалар бутундай тўхтатилди. Америкалик полвонларнинг Сербияга келиш масаласи ҳам сўроқ остида турибди. Хабарингиз бор, кўҳна қитъанинг аксарият давлатларида ҳам қайтадан карантин чоралари қўлланяпти. Биласиз, спортчиларимиз ўзаро контакт – ҳаракатлар натижасида баҳслашишади. Шу сабабдан спорт курашларида мусобақа ташкил қилиш оғирроқ. Ҳали Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи турнирларини Европа, Осиё, Африка ва Америка қитъаси вакиллари ўтказмаган. Океания ва Африка бир бўлиб лицензия соҳибларини аниқлаб олади. Ана шу турнирларни ўтказиш ҳаракати кетяпти. Осиё саралаш мусобақаси Хитойда ўтиши мумкин. Ҳиндистон мезбонликни рад этди. Биз кўпроқ ўз полвонларимиз манфаати учун қитъадаги мусобақаларга эътибор қаратамиз.

– Сербия мусобақасига америкаликлар иштирок этмаслигини таъкидладингиз. Ўтган галги жаҳон чемпионати океанорти вакиллари руслардан кейин умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллаган эди. Ана шундай кучли терма жамоа полвонлари иштирок этмаслигининг полвонларимизга фойдаси борми?
– Йўқ, салбий таъсири бор. Уларнинг иштироки спортчиларимиз маҳоратига ёрдам беради. Американинг 48 штатидаги умумтаълим мактабларда эркин кураш дарслари бор. Бола туғилиши билан кураш тушишни бошлайди. Ҳатто мамлакатнинг энг етакчилари ҳам ушбу спорт тури билан шуғулланишган. Ана шундай юрт вакиллари иштирок этмаслиги бутун кураш дунёси учун салбий кўрсаткич. Эрон, Америка, Россия, Туркия, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, Япония, Жанубий Корея каби давлатлар, хусусан, бизнинг курашчиларимиз ҳам кучли ҳисобланишади. Хитой ва Японияда аёллар кураши, кичик вазндаги юнон-рум курашчилари жуда ҳам етакчи саналади. Куни кеча вице-президент, америкалик Стен Дидек билан ZOOM орқали гаплашдим. Агар аёллар ва юнон-рум кураши вакиллари  турнирга келишмаса, эркин кураш бўйича ҳам мусобақалар ўтказилмайди.

– Юртимизда спорт ислоҳоти доирасида катта дастур – селекция ишлари йўлга қўйилди. Пандемия сабабли барча мусобақалар бир йилга кечиктирилди. Олдимизда Токио-2020дан ташқари, Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига ҳам захира спортчиларни тайёрлашга эътибор қаратишимиз керак. Дунё тан олган мутахассис сифатида юртимиздаги селекция ишларини қандай баҳолайсиз?
– Тўғри айтдингиз. Биз ҳар бир мусобақага камида тўрт йил олдин ҳаракатни бошлашимиз керак. Рио-2016 поёнига етиши билан олдиндаги турнирларга спортчиларни саралаб олиш ишларини бошлаб юборганмиз. Ҳозир гап Париж-2024 ҳақида кетяпти. Бизда 2030 йилги мусобақалар учун ҳам режамиз бўлиши керак. Мана, Аргентинада ўтган ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби Умиджон Жалоловни олайлик. Мана шу йигит қандай босқичлардан ўтиб келди? Ўзбекистон биринчилигида 1-ўринни олгач, 4-ой ичида доғистонлик спарринг рақиблари тегирмонидан чиқиб, етук курашчига айланди. Техникаси жуда ҳам кучли. Доғистон кураш мактабига дош беришнинг ўзи бўлмайди. Биласиз, Сурхондарё вилоятида спорт курашлари оқсаётган эди, уларга кураш гилами совға қилдик. UWW совға қилган 14 гиламни кураш ривожланмаган ана шундай ҳудудларга беряпмиз. 90 йилларни ёдга олайлик. Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионлари Р.Атаулин, Р.Хинчагов, Р.Исломов каби полвонларимиз кимга интилган эди? Албатта, ундан олдинги курашчилар, Олимпия чемпионлари Арсен Фадзаев, Махарбек Хадарсевларга ҳавас орқали кураш оламига кириб келишган эди. Ундан кейинги авлод – эркин кураш бўйича икки карра жаҳон чемпиони Дилшод Мансуров, юнон-рум кураши бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони Дилшод Орипов майдонга чиқиб келди. Демак, иқтидорларни излаш керак. 10-12, 14-16, 17-19 ёшлилар орасида бирор учқун кўринган спортчини кўрдингизми, уни тарбиялаш ҳаракатини бошлаш керак. Бу ерда мураббийнинг «лочин» кўзи бўлса, пойдевор мустаҳкам қўйилади. Мана, эркин кураш сусайиб кетди. Чунки тажрибали мураббий йўқ.

– Сир эмаски, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси юртимизда Олимпия ҳаракатини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Мустақил Ўзбекистоннинг барча Олимпиадаларида ушбу йўналишда 11та ғолиб ва совриндоримиз бор. Эндиликда қоракўзларимиз ўртасида ҳам номдор полвонлар етишиб чиқяпти. Ҳозирги шарт-шароитлар ҳақида нима дея оласиз?
– Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Бош вазирлик даврида Олимпия спорт турларига жуда катта эътибор қаратиб, уларни қўллаб-қувватлаган эди. Бириктирилган ҳомийлар ёрдамида ажратилган маблағдан ўқув-йиғин машғулотлари ташкил этиб келганмиз. Кураш дунёсида пешқадам давлатлар вакиллари билан тажриба алмашиш ўз самарасини бериши керак. Ҳали биз бу ишончни тўлақонли оқлаганимиз йўқ. Ўйлайманки, галдаги Олимпиадаларда ўзимизнинг полвонларимиз ҳам шоҳсупадан кўпроқ жой олишади.

– Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори эркин курашчимиз Беҳзод Абдураҳмоновга Рио Олимпиадасида ишонч билдирилган эди. Лекин курашчимизнинг омади чопмади.
– Бунинг асосий сабаби мураббий рақибларни тўлиқ ўрганмагани, уларнинг имкониятини етарлича баҳолай олмагани, деб ўйлайман. Ҳар бир курашчига индивидуал тайёрланиш керак. Мағлубиятдан сўнг, ўзи билан гаплашдим. У рақибини менсимаганлигини айтди. Спортда бундай хатолар кечирилмайди. Беҳзод ўз хатолари устида жиддий ишлаяпти. Унинг вазнида ўндан ортиқ кучли полвон бор. Ишонаманки, у Токиода, албатта, натижа беради.

– Аҳрол Аҳмедович, ассоциациянинг чемпионларни тайёрлаш борасидаги стратегияси қай тарзда ишлаб чиқилган?
– 2030 йилгача мўлжалланган чора-тадбирлар режамиз бор. Қоракўзларимиз ҳақида гапирдингиз. Стратегиямиз айнан улар учун мўлжаллаган. 45 кг вазндан ошган 10-12 ёшли, умуман, 16 ёшгача бўлган ўсмирларимиз маҳаллий ёшлар вакиллари. Пойдеворни тошдек қўйишимиз керак. Шунда самара бўлади.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Зафар Имомхўжаев суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *