Бир суткада камида ўн минг қадам юрган фуқаронинг электрон ҳамёнига 3 минг сўм ўтказиш таклифи берилди

Фото: Unsplash

Бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқаронинг электрон ҳамёнига 3 минг сўм ўтказилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Эшмаматов маълум қилди.

Вазирлик расмийсининг сўзларига кўра, Жисмоний тарбия ва спорт, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Адлия, Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликлари томонидан берилган “Соғлом ҳаёт” платформасини яратиш таклифида шу тартибда фуқароларни рағбатлантириш режалаштирилган.

Брифингда Отабек Эшмаматов айни пайтда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилганини айтиб ўтди.   

Қарорга кўра, бир кунда камида ўн минг, бир ой давомида уч юз минг, бир йил давомида 3,6 миллион қадам юрган шахсга барча давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 50 фоиз имтиёз берилади ҳамда спорт иншоотларидан фойдаланиш учун абонемент тақдим этилади.

Бу аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида яратиладиган “Янги нафас” платформаси орқали амалга оширилади.

Шунингдек, қарорда 2021 йилдан бошлаб сентябрь ойининг учинчи якшанба куни республика бўйича “Автомобилсиз кун” деб эълон қилиниши ва шу куни автомобилда ҳаракатланиш тақиқланиши ҳам белгиланган. Махсус техникалар, такси ва етказиб бериш ҳамда тиббий тез ёрдам учун хизмат кўрсатадиган техникалар, жамоат транспортлари, зарур ҳолларда фойдаланиладиган шахсий автомобиллар бундан мустасно.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *