Бошқа спорт турлари қатори Пара таэквондо бўйича терма жамоа аъзолари ҳам Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига қизғин тайёргарлик олиб бормоқда.

Пара таэквондочиларимиз айни дамда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Баркамол” спорт соғломлаштириш марказида ўзларининг навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.

Терма жамоа бош мураббийи Бобур Қўзиев ушбу ўқув-машғулот йиғини ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Ўқув-машғулот йиғинида 10 нафар спортчи иштирок этмоқда. Улар орасида Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига лицензия қўлга киритган ҳамда шу йил охирида Баҳрайнда бўладиган ёшлар ўртасидаги Пара Осиё ўйинларида қатнашадиган спортчилар бор. Бу ерда уларнинг тўлақонли шуғулланишлари учун барча зарур шарт-шроитлар яратилган. Бунинг учун раҳбариятга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Ушбу ўқув-машғулот йиғинида асосий эътибор спортчиларнинг техник-тактик ҳолатига қаратилган. Бундан ташқари, интернет орқали спортчиларимизнинг бўлажак рақиблари ҳақида видеоматериаллар тўплаб, шу орқали ҳам машғулотлар ўтказяпмиз. Боиси бизни олдинда 12-17 июнь кунлари Ливаннинг Байрут шаҳрида бўладиган Осиё очиқ чемпионати кутиб турибди. Ушбу мусобақа Паралимпия ҳамда ёшлар ўртасидаги Пара Осиё ўйинларидан олдин муҳим тайёргарлик вазифасини ўтайди”, – деди Бобур Қўзиев.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *