Бугундан бир қатор объектлар фаолиятига рухсат берилди

Ўзбекистонда бугундан бошлаб қатор фаолият турларига рухсат берилди. Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси шу ҳақда қарор қабул қилганди.

5 сентябрдан бошлаб умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолиятига рухсат берилди. Бунда ушбу объектлар қуйидаги санитари талабларига риоя этиши талаб этилади:

  • банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик;
  • столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш;
  • бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш;
  • ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши;
  • ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш;
  • бино ва хоналарга, шунингдек, ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва б.) ўрнатиш.

Шунингдек, томоша ва маданий-кўнгилочар объектлар (фақатгина театр ва кинотеатр) фаолиятига рухсат берилди. Бунда ушбу объектлар айрим санитари талабларига риоя этиши талаб этилади:

  • объектнинг ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва б.) ўрнатиш;
  • ташриф буюрувчиларни ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштириш ҳамда тиббий ниқобда бўлиш (зарур ҳолларда тадбир 2 соатдан зиёд давом этганда ниқобни бепул алмаштириш);
  • объектларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, дезинфекцион “тўшаклар”, антисептик воситалари билан жиҳозлаш, уларга киришда ҳар бир ташриф буюрувчиларнинг тана ҳароратини ўлчаб, 37°C ва ундан юқори бўлган ёхуд инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда киритмаслик;
  • ҳар бир сеансдан кейин ўриндиқ ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш;
  • ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши.

Парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар фаолияти ҳам тикланмоқда. Ушбу объектлар ҳам қатор санитария қоидаларига риоя этиши талаб этилади:

  • ташриф буюрувчиларни ижтимоий масофани сақлаган ҳолда навбатда туришини таъминлаш;
  • аттракционларнинг юза қисмини ҳар соатда ёки ҳар бир фойдалангандан сўнг дезинфекцион воситалар билан тозалаш;
  • аттракциондан фойдаланишда ижтимоий масофани сақлаш;
  • ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши;
  • бино ва хоналарга, шунингдек, ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва б.) ўрнатиш (ёпиқ бинолардаги аттракционлар фаолияти учун).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *