Давлат бюджети даромадларининг асосий қисми қандай солиқлар ҳисобига шакллангани маълум бўлди

Молия вазирлиги Давлат бюджети даромадларининг асосий қисми қандай солиқлар ҳисобига шаклланганини маълум қилди.

Вазирлик шарҳида айтилишича, улар: ҚҚС – 14,3 трлн. сўм (жами даромадларнинг 24,6 фоиз), фойда солиғи – 11,8 трлн. сўм (20,3 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи – 7,3 трлн. сўм (12,5 фоиз), ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ – 7,6 трлн. сўм (13 фоиз) ва акциз солиғи – 5,8 трлн. сўм (10 фоиз).

Жорий йил январь-июнь ойларида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича тушумлар 14,3 трлн. сўмни ташкил этди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 трлн. сўмга камдир.

Солиқ органлари томонидан назорат қилинадиган ҚҚС тушумлари жорий йил I ярим йиллигида 8,1 трлн. сўмни ташкил этди. Бунда жорий йил II чоракда ҚҚС тушумларининг I чоракка нисбатан 0,6 трлн. сўмдан кўпроққа пасайиш кузатилди. Хусусан, тушумлар пасайиши май ойига тўғри келган бўлиб (қарийб 30 фоизга) ва бу апрель ойида карантин чекловларининг жорий этилиши билан изоҳланади.

Божхона органлари томонидан назорат қилинадиган ҚҚС тушумлари жорий йил I ярим йиллигида 7,8 трлн. сўмни ташкил қилди. Бунда жорий йил II чоракда солиқ бўйича тушумлар I чоракдаги тушумлардан 4,1 фоизга кўп бўлди ва 4 трлн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, 1 698 та юридик шахсга 811 млрд. сўмлик солиқни тўлаш муддати 120 кунгача кечиктириб берилди. 

Фойда солиғи 2020 йил январь-июнь ойлари давомида фойда солиғи бўйича тушум 11,8 трлн. сўмни ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,1 трлн. сўмга кўп тушум таъминланди.

Жорий йилнинг I ярим йиллигида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,1 трлн. сўм кўп бўлиб, 7,3 трлн. сўмни ташкил этди.

Жорий йилнинг январ-июнь ойларида ушбу солиқ бўйича тушумлар 630 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 307 млрд. сўмга камайган.

Жорий йилнинг I ярим йиллигида ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи бўйича тушумларнинг умумий ҳажми 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 0,5 трлн. сўмга ошиб, 9,7 трлн. сўмни ташкил этди.

Ресурс солиқларидан қўшимча тушумларнинг асосий қисми ер қаъридан фойдаланганлик учун солиққа тўғри келади. 2020 йилнинг I ярим йиллигида ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари, 2019 йилнинг I ярим йилликдаги тушумлар билан солиштирганда, 0,8 трлн. сўмга кўпайди ва 7,6 трлн. сўмни ташкил этди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *