Дунёдаги вазият: Англияда минг фунтлик жарималар, Ҳиндистон 6 миллионлик нуқтадан ўтди

Англия ўзини яккалаш тартибини бузганлар учун жарималарни кескин оширди. Пекинда аҳоли саломатлигига доир хавф ҳақида билдиришни истаган информаторларни ҳимоя қилувчи қонун пайдо бўлди. Бразилиядаги яқинда жамоавий иммунитет шакллангани ҳақида хабар қилинган шаҳарда янги ҳолатлар сони яна ўсди.

Дунё бўйлаб коронавирусдан зарарланиш ҳолатларининг умумий сони 33 миллиондан ошди. Турли мамлакатларда касаллик тарқалишини кузатиб бораётган Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, қурбонлар сони миллионга яқинлашмоқда (997 минг 780 ўлим).

Вирусдан зарарланиш ҳолатлари бўйича ташхисларнинг энг катта қисми АҚШ ҳисобига тўғри келади – 7,1 млн. Иккинчи ўринда 6,1 млн ҳолат тасдиқланган Ҳиндистон бормоқда. Бразилия учинчи ўринда – 4,7 миллион ҳолат.

Англия: ўзини яккалаш тартибини бузишда жарима миқдори 1000 фунт
Англияда душанба кунидан бошлаб ўзини яккалаш тартиби бузилганда қўлланадиган жарима миқдори кескин оширилди. Бу қоида Covid-19 аломатлари кузатилаётган ёки бемор билан алоқада бўлганларни кузатувчи Test and Trace дастури ходимлари томонидан огоҳлантирилгандан сўнг уйдан ташқарига чиққан одамлар учун тааллуқли.

Биринчи марта қоидани бузган шахс 1000 фунт (деярли 1,3 минг АҚШ доллари) жарима тўлайди. Бу ҳол қайтарилса, миқдор 10 минг фунтгача (13 минг АҚШ доллари) ошиши мумкин.

Ҳукуматнинг жарималарни кучайтиришига ўзини яккалаш тартибига амал қилиши лозим бўлган инсонларнинг жуда оз қисмигина буни ихтиёрий равишда бажаришини исботлаган тадқиқот натижалари сабаб бўлди.

Британиянинг бошқа қисмлари – Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия ҳам шунга ўхшаш чекловлар киритишни режалаштиряпти.

Буюк Британиянинг NHS миллий соғлиқни сақлаш тизими вакиллари ҳукумат алоҳида ташкил этган Test and Trace дастурини танқид қилмоқда. 

Шифокорлар Test and Trace келаётган қишда тестларга бўлган катта талабни қондира олмаслиги ва қўшимча манбаларга жиддий эҳтиёж сезилиши мумкинлигидан хавотирда. 

«Ушбу дастур мамлакатда катта аҳамиятга эга, худди ёнғин ва жиноятчиликка қарши кураш каби. Агар у ишламаса, барчамиз бундан жабрланамиз», деди BBC’га берган интервьюсида NHS Providers раҳбари Крис Ҳопсон.

Япония: коронавирус ва Олимпия олови
Токио Олимпиадаси ташкилотчилари Олимпия машъаласи эстафетаси 25 март куни бошланиб, «Умид бизнинг йўлимизни ёритади» шиори остида ўтказилишини маълум қилди. 

Эстафетанинг биринчи нуқтаси 2011 йилда атом электр станциясида даҳшатли авария содир бўлган Фукусима префектураси бўлади. У ердан Олимпия машъаласи Япониянинг қолган 47 префектураси бўйлаб айлантирилади.

Токио Олимпиадаси 2020 йил ёзида бўлиб ўтиши керак эди, аммо бошқа кўплаб оммавий тадбирлар сингари, коронавирус туфайли у ҳам бекор қилинди. Олимпия ўйинлари бошланишининг янги санаси – 2021 йил 23 июль.

Бразилия: янги ҳолатлар авж олди
Апрель-май ойларида Бразилиянинг шимоли-ғарбий қисмидаги Манаус шаҳри Covid-19’нинг ўта кучли тўлқинини қабул қилганди, натижада маҳаллий қабристонларда қурбонларнинг барчасини дафн қилишга улгурмай қолишганди. 

Сентябрь ойи охирида medRxiv веб-сайтида нашр қилинган тадқиқот шуни кўрсатдики, 1,8 миллионлик шаҳар аҳолисининг 66 фоизида Covid-19’га қарши антитаналар бор ва шаҳарда касалликка қарши жамоавий иммунитет шаклланган деб айтиш мумкин. 

«Барча белгилар шуни кўрсатадики, Манаусда вируснинг шу қадар кўп тарқалиши туфайли янги касалланишлар ва ўлимлар сони камайишни бошлади», дейди тадқиқот муаллифларидан бири. 

Аммо энди Covid-19’нинг янги ҳолатлари яна кўпайишни бошлади. Шаҳарда кўплаб чекловлар бекор қилингандан сўнг, ҳукумат оммавий тадбирларга яна 30 кунлик тақиқ қўйди ва дўкон ҳамда ресторанларнинг иш вақтини чеклади.

Шаҳар мэри Артур Виржилио вазият шундай тус олишида инқирозни жиддий қабул қилмаган ва одамларга ҳақиқатни айтмайдиган президент Жаир Болсонаруни айблади.

Сўнгги ойларда Бразилия коронавируснинг ачинарли статистикаси бўйича етакчилар қаторида қолмоқда. Танқидчилар Болсонаруни ижтимоий масофаланиш ва инфекцияга қарши бошқа чоралар бўйича илмий далиллар ва мутахассисларнинг тавсияларини эътиборсиз қолдиришда айбламоқда. 

Пекин: шифокор-информаторларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун
Пекин ҳукумати аҳоли саломатлиги учун юзага келиши мумкин бўлган хавф тўғрисида хабардор қилишни истаган шифокорлар иш ҳақи ва юридик ёрдам олишига доир қонун қабул қилди, деб хабар бермоқда «Франс-пресс» агентлиги. Аввалроқ,  худди шундай чоралар Ҳонгконг яқинида жойлашган Шэньчжэнь шаҳрида жорий қилинган эди.

Бу қонун Ли Вэнлиан номи билан боғлиқ – Уҳан шаҳридан бўлган шифокор-офтальмолог 2019 йил декабрида янгича касаллик тарқала бошлаганини биринчилардан бўлиб пайқаганди.

У ўз ҳамкасбларини янги вирус ҳақида огоҳлантирган, аммо тез орада полиция пайдо бўлиб, ундан ёлғон хабар тарқатмаслик тўғрисида тилхат олинганди. 2020 йил февралида Вэнлиан беморлардан коронавирус юқтириб олиш оқибатида 34 ёшида вафот этди.

Ҳиндистонда 6 миллиондан ортиқ ҳолат
Вирусдан касалланиш ҳолатлари сони 6 миллионлик нуқтадан ўтган Ҳиндистонда сўнгги бир кунда 82 мингдан ортиқ янги ҳолатлар қайд этилган. Мутахассисларнинг бир қисми мамлакатда тест олиш ҳажми пастлиги ва ҳақиқий рақамлар, жумладан, қурбонлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

14 ноябрь куни Дивали байрами бошланади – олов фестивали ушбу мамлакатда ҳар йили кенг миқёсда нишонланади. Одамлар уйларини безайди, мушакбозлик қилишади, бир-бириникига меҳмонга боради.

Экспертлар бу байрам арафасида дўконларда одамлар тўпланиши касаллик янада авж олишига сабаб бўлишидан хавотирланмоқда.

Ҳиндистондаги тиббий тадқиқотлар бўйича кенгаш раҳбари, доктор Балграм Бхаргава эса Financial Times нашрига берган интервьюсида Ҳиндистон аҳолиси кўплигини ҳисобга олган ҳолда мамлакат коронавирусга қарши нисбатан муваффақият билан курашаётганини қайд этган.

Мадрид: кўнгиллилар ёдгорлиги ва янги локдаун

Мадриддаги Рома хиёбонида 50 мингдан ортиқ қизил-олтинранг байроқлар пайдо бўлди. Якшанба куни волонтёрлар гуруҳи бу байроқларни коронавирус қурбонлари хотирасига ўрнатиб чиқишди.

Расмий статистикага кўра, Испанияда Covid-19 туфайли 31 мингдан ортиқ киши вафот этган, аммо ҳақиқий рақамлар бундан анча кўп бўлиши мумкин, чунки пандемия бошида кўплаб ўлим ҳолатлари коронавирус статистикасига кирмай қолган.

Душанба куни Мадридда янги чеклов чоралари кучга киради – ҳозирча локдаун янги касалланиш ҳолатлари нисбатан кўп аниқланаётган туманларда амал қилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *