Ержас Болтаевдан олтинчи маҳорат сабоқлари

Оғир атлетика бўйича терма жамоамизда фаолият олиб бораётган қозоғистонлик мураббий Ержас Болтаев иштирокидаги навбатдаги маҳорат сабоқлари бўлиб ўтди. Бугунги тадбир Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоий вилояти вакиллари учун ташкил қилиниб, унда 10 дан ортиқ мураббийлар қатори МОҚ ходимлари ҳамда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раҳбарияти қатнашди.

Мутахассиснинг бугунги кўрсатмаларини жамоамиз вакиллари Адҳамжон Эргашев ҳамда Нигора Сувонова амалда кўрсатиб беришди. 1 соат давом этган жараёнда мураббийларимиз учун қўл, оёқ, бел, елка соҳалари учун фойдали машғулотлар, даст ва силтаб кўтаришдаги натижаларни янада яхшилаш учун қўшимча машқлар кўрсатиб берилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов мастер-класс ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Аввало, бизга мана шундай ажойиб ғоя бериб, уни ташкиллаштиришда ёрдам бераётган спортимиз жонкуярларига ташаккур айтамиз. Бу каби тадбирлардан олган билимимиз билан ёшларни спортга янада қизиқтириш мумкин. Уларни спортга ошно қилиб тарбиялаш керак. Оммавий ва профессионал спортни бирдек ривожлантира олсак, мақсадимизга етган бўламиз. Шунда ёшларимиз келажакда жамият ва халққа фойдаси тегадиган авлод бўлиб етишадилар. Спорт билан шуғулланган инсонда масъулият, қатъий режим бўлади”, – деди Шаҳрулло Маҳмудов.

Ўз навбатида иштирокчилар ташкил қилинган бундай онлайн мастер-класс учун ташаккур айтиб, ундан олган билимлари орқали терма жамоамизга янада рақобатбардош спортчиларни етиштиришда ўз ҳиссаларини қўшишларини таъкидлашди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *