Инновацион марказ фаолиятини янада кучайтириш мавзусида вебинар ташкил қилинди

Замон билан бирга тараққий этиб бораётган спорт илм-фани сўнгги 10 йилда мамлакатимизда бироз ортда қолганини тан олиш лозим. Сўнгги даврда ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан МОҚ қошида Илмий тадқиқот ва инновацион марказ фаолияти йўлга қўйилди. Бугун МОҚ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети профессор ўқитувчилари иштирокида соҳани янада ривожлантириш, карантин давридаги машғулотлар учун ўзбек спортчиларига керакли қўлланмалар ишлаб чиқиш мавзуларида онлайн вебинар ташкил қилинди. Унда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар Фикрат Керимов, Рустам Халмухамедов, Рашид Маткаримов каби спорт фидойилари ҳам қатнашди.

Суҳбат давомида жамоавий спорт турларини янада ривожлантириш, барча спорт турларида ўзбек спорти мактабларини шакллантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, машғулотлар учун замонавий адабиётлар чоп этиш каби масалалар устида қизғин мунозара олиб борилди.

Тадбир якунида МОҚ раҳбари сўз олиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Барчага ажойиб фикрлар ва таклифлар учун раҳмат. Бугунги кундан келиб чиққан ҳолда муносиб таклифлар берилди. Сизлар билан ҳар бир йўналишни чуқур таҳлил қилишимиз керак. Бу йилги спорт тадбирлари сўроқ остида турибди. Халқаро мусобақаларнинг ўтказилиши даргумон. Бироқ биз Президентимиз назарда тутган 2-ташаббусларини унутмаслигимиз лозим. Аввало, ёшларимиз соғлом бўлишлари ва спорт билан мунтазам шуғулланиб боришларини таъминлашимиз керак. Ҳозирда терма жамоаларимизда фаолият олиб бораётган 24 нафар хорижлик мураббий бор. Улар бизда ишлаётган экан, бундан фойдаланиб, машғулотларни тўғри йўлга қўйиш бўйича тажрибаларини ўқув-қўлланма ҳолатига келтириш мумкин. Бу бир мисол. Биз шу пайтгача бепарво бўлиб, волейбол, баскетбол, сузиш турларида бутунлай, енгил атлетика, гандболда деярли ўз мактабимизни йўқотдик. Биз ҳар бир спорт турида ўзбек моделини яратишимиз лозим”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Йиғилиш якунида ушбу соҳани ривожлантириш учун керакли ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, яхлит тизим ва режа ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *