«Кетишимга қўйишмади» – Месси «Барселона»да қолишини эълон қилди

«Аср трансфери» номаълум муддатга қолдирилди.

Фото: AFP

Лионель Месси «Барселона»да қолади. Бу ҳақда аргентиналик футболчи расмий баёноти орқали маълум қилди. Каталониялик мухлислар енгил тин олишди, лекин 33 ёшли форвард ҳали кўк-анорранглиларнинг раҳбарияти билан уруш ҳолатида, қолаверса у янги бош мураббийи Рональд Куман билан чиқишиб кета олмаган.

Месси ўз баёнотида нима деди

Мен рафиқам ва болаларимга клубни тарк этиш истагим ҳақида гапирганимда, бу шафқатсиз драма бўлганди. Оила аъзоларимнинг барчаси йиғлашди, болалар Барселонадан кетишни ва мактабларини алмаштиришни истамасди. Лекин мен келажак ҳақида ўйлашим керак эди. 

Юқори савияда ўйнашни, совринлар ютишни, Чемпионлар лигасида рақобатбардош жамоада бўлишни истайман. Бу турнирда ҳар доим ҳам ғалаба қозониб бўлмайди, бу жуда мураккаб турнир, аммо ҳамиша яхши иштирок этиш керак. Римда, Ливерпулда ва Лиссабондаги каби сочилиб кетиш эмас, курашиш керак. Буларнинг барчаси мени клубни ўзгартириш ҳақида ўйлашга мажбур қилди.

Кета олишимга ишончим комил эди. Клуб президенти ҳамиша исталган мавсум якунида кетиш ёки қолиш бўйича ўзим қарор қабул қилишим мумкинлигини айтарди. Энди эса раҳбарият мен 10 июнгача кетишим ҳақида огоҳлантирмаганимга ёпишиб олди. Ахир биз ўша вақтда коронавирус туфайли мавсум давом этиш-этмаслигини билмаганмизку! Бу касаллик бутун мавсумни ўзгартириб юборди.

Шундай экан, мен қоламан. Президент фақат 700 млн евро тўланса кетишим мумкинлигини айтди. Бу эса имконсиз иш. Бошқа вариант ҳам бор эди — барчасини судда ҳал қилиш. Лекин мен ҳеч қачон «Барса» билан судлашмайман, мен бу клубни жуда севаман. Клуб менга жуда кўп нарса берган. Бу клуб ҳаётимга айланган. Клуб менга барчасини берди, мен эса фақат арзимас чақалар қайтардим. Хаёлимга ҳеч қачон «Барселона» билан судлашиш фикри келмаган.

Мен ҳамиша клубни ҳаммасидан устун қўйганман. Мен кўп марта «Барса»дан кетишим мумкин бўлган. Пуллар? Ҳар йили мен кетишим ва «Барселона»дагидан кўпроқ пул ишлашим мумкин эди. Мен ҳамиша бу менинг уйим эканини айтиб келганман.

Мен Барселонани севаман ва бу ердан яхшироқ жой топа олмаслигимни тушунаман. Лекин менда танлов ҳуқуқи бор. Мен ўз олдимга янги вазифалар ва янги мақсадлар қўйишни режалаштиргандим. Эртагаёқ қайтишим мумкин, ахир «Барселона»да ҳаммаси бор.

Мен клуб президентига кетишни исташимни айтдим. Бутун йил давомида айтиб келдим. Бошқа томонга ҳам қадам ташлаш вақти келган деб ўйладим. Мен клубни ёшартириш керак деб ҳисобладим, менинг клубдаги даврим поёнига етди деб ўйладим. Гарчи мен фаолиятимни шу ерда якунлаш ҳақида орзу қилган бўлсамда. Мен «Бавария»дан мағлубият туфайли бу қарорга келмадим, мен кўп вақтдан буён бу ҳақда ўйлаб келардим. Охир-оқибат, клуб президенти ўз сўзида турмади.

Йил давомида мен Бартомеуга кетишни истаётганимни, фаолиятимда янги мақсадлар ва янги йўналишлар излаш вақти келганини айтиб келдим. У эса ҳамиша шундай такрорларди: «Гаплашамиз, аммо ҳозир эмас». Аммо иш аниқ муҳокамаларга етиб бормасди. У ҳамиша мавсум якунида барчасини ўзим ҳал қилишим мумкинлигини айтарди, аммо ҳеч қачон аниқ санани белгиламасди. Ҳақиқат шуки, клубда кўп вақт давомида аниқ лойиҳа бўлмади, раҳбарият эса фақатгина тешикларни ямаш билан банд бўлди.

Мен бахтсиз эдим ва кетишни хоҳлагандим, аммо бунга имкон беришмади. Шундай экан мен қолишга мажбур бўлдим. Бартомеу бошчилигидаги раҳбарият «Барселона»га раҳбарлик қилиши бу — фалокат.

Кетишни қанчалик хоҳлаган бўлсам ҳам, ўйинга бўлган муносабатим ўзгармайди. Максимал даражада ўйнайман.

Ҳар доим ғалаба қозонишни, рақобатбардош бўлишни хоҳлайман. Ютқазишни ёқтирмайман. Доим клуб учун, футболчилар учун ва ўзим учун энг яхшисини истайман.

Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлиш учун керакли ёрдам ололмаяпмиз, дедим. Аслида буёғига ҳам нима бўлишини билмайман. 

Янги мураббий келди, унинг ўз ғоялари бор. Бу яхши, аммо жамоанинг уларга муносабати қандай бўлишини, янги ғоялар бизга энг юқори савияда курашишга имкон берадими ёки йўқми, кўриб чиқишимиз керак. Шуни айтишим мумкинки, «Барселона»да қоламан ва бор кучимни бераман.

Месси кетиши эҳтимоли билан боғлиқ воқеалар ривожи қандай ривожланди?
Сўнгги уч ҳафтада Месси атрофидаги воқеалар ўткир сюжетли фильмдаги каби ривожланди. Бир-бирига зид бўлган турли хабарлар тарқалди, бундай хабарлардан футбол мухлисларининг боши айланди. Аммо бир гап аниқ эди – Лео Каталония пойтахтидан кетишга қатъий аҳд қилганди.

Чемпионлар лигаси чорак финалида «Барселона» «Бавария»дан 2:8 ҳисобида мағлуб бўлгач, испаниялик журналистлар Месси клуб раҳбариятига 2021 йил ёзини – шартномаси муддати тугашини кутмасдан кетмоқчилигини айтгани ҳақида ёза бошлашди. Кўп ўтмай, 20 август куни Лео жамоанинг янги бош мураббийи Куман билан учрашди. Афтидан, янги бош мураббий билан суҳбат унга маъқул бўлмаган ва бу учрашув унинг кетиш қарорини янада мустаҳкамлаган. Deportes Cuatro маълумотига кўра, Куман ўзини қаттиққўл тутган ва у ҳеч кимга алоҳида қарамаслигини билдирган.

Нидерландиялик мутахассис эса интервьюларидан бирида Месси ҳақида илиқ фикрлар билдирди: у жамоани Лео атрофида қурмоқчилигини айтганди.

Аргентиналик футболчи учун биринчи навбатдаги даъвогар – «Манчестер Сити» бўлди. Месси собиқ устози Хосеп Гвардиола билан яна бирга ишлашга қарши эмасди. Англия клуби ушбу юлдуз футболчи учун кўк-анорранглилар жамоасига 100 млн евро беришга тайёрлиги, ушбу трансфер доирасида – Эрик Гарсия, Бернарду Силва ва Габриэл Жезус каби футболчилар ҳам Каталонияга йўл олиши мумкинлиги ҳақида ёзишди. Леонинг кетиш истаги билдирилган бюрофакс олган «Барселона» 25 август куни директорлар кенгашининг шошилинч йиғилишини чақирди. Йиғилишда кенгаш аъзоларининг айримлари клуб президенти Жозеп Бартомеуга ишончсизлик билдиришга чақиришди. «Барса» офиси атрофида клуб мухлислари тўплана бошлашди ва Бартомеунинг истеъфосини талаб қилишди.

Аммо кўк-анорранглилар клуби раҳбари кетишга ҳам, Мессини қўйиб юборишга ҳам рози бўлмади. Клуб аргентиналик футболчининг вакилларига у фақат шартномасида кўрсатилган 700 миллион евролик бадал пули тўланган тақдирда «Барселона»дан кетиши мумкинлигини билдирди. Раҳбарият шартномада футболчи исталган мавсум якунида эркин агент мақомида кетиши мумкинлиги кўрсатилган пунктдан фойдаланиш муддати 10 июнда якунланганини маълум қилди.

Лекин, Месси исён қилишда давом этди: 30 август куни у «Барселона» базасига коронавирусга мажбурий тест топширишга келмади. У кейин Куман бошчилигидаги илк машғулотларни ҳам ўтказиб юборди. Испан нашрлари клуб аргентиналик футболчини бу ҳаракати учун жазоламаслигини билдирди. Бу орада Лео ва Гвардиола ўртасида учрашув ўтказилгани ҳамда «Манчестер Сити» форварднинг тақдимотига тайёрланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Аммо сентябрь ойи бошида вазият ўзгара бошлади. Шу ҳафтанинг чоршанба куни тонгида Барселонага ниҳоят Хорхе Месси — Леонинг ишларини юритувчи отаси учиб келди. Унинг кечикишига Аргентина коронавирус билан боғлиқ вазият оғир бўлган давлатлар қаторида экани сабаб бўлди, шу туфайли Жанубий Америка давлатидан Испанияга ва Европанинг бошқа мамлакатларига тўғридан тўғри авиарейс йўқ. Шу туфайли катта Месси Каталония пойтахтига етиб олиш учун сабр қилишига тўғри келди.

Шу куни клуб базасида у ва «Барселона» вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди. Sport нашрининг ёзишича, музокараларда клуб номидан президент Жозеп Бартомеу ва клуб директорларидан бири Хавьер Бордас, футболчи томонидан — Хорхе Месси, унинг ўғли Родриго ва адвокат Хорхе Пекур иштирок этди. Учрашув бир ярим соат вақт давом этди, аммо якунда муросага келинмади.

Бартомеу яна бир марта Леони «Барселона»дан шунчаки қўйиб юбормаслигини маълум қилди ва трансфер бўйича ҳеч қандай музокара ўтказилмаслигини билдирди — у фақат шартномада кўрсатилган 700 миллион евро миқдоридаги бадал пули тўланиши эвазига кетиши мумкинлигини айтди. Клубдагилар аргентиналик футболчи жамоанинг янги бош мураббиий Роналд Куман бошчилигидаги лойиҳанинг бир қисми бўлишига ишонч билдиришди.

Хорхе Месси аввалига ўғли «Барселона»да қолмаслиги ҳақида қатъий айтди, кейинроқ юмшади – энди у клуб раҳбариятидан норози оҳангда гапирарди. Жума куни тонгда Лионель Месси ва «Барселона» қарама-қаршилигида яна силжиш кузатилди. Аргентиналик футболчи фикрини ўзгартиргани ва Каталонияда яна камида бир мавсум қолиши ҳақида хабар пайдо бўлди.

Чиндан ҳам аргентиналик футболчи ўзининг жонажон клуби билан судлашишни истамади. Камида 2021 йил ёзигача Месси «Барса» учун ўйнашда давом этади. У бу вақт ичида фикрини ўзгартириб, янги шартномага имзо чекиши ҳам мумкин.

«Барселона» таркиби билан нималар бўлмоқда?

Мессининг «Барселона»даги воқеалардан норозилиги сабабларидан бири – клуб ва Куман унинг жамоадаги энг яхши дўсти Луис Суаресдан воз кечгани бўлди. Уругвайлик ҳужумчи «Ювентус»га ўтмоқда. У «кекса синьора» билан шартнома бўйича келишиб бўлган ва энди унинг каталонияликлар клуби билан 2021 йилгача тузилган шартномаси масаласи ҳал қилиниши  – «Барса» Суаресга товон пули тўлаб бериши керак.

Бошқа бир қатор футболчилар ҳам жамоани қайта қуриш қурбонларига айланишди. Иван Ракитич «Севилья»га қайтган. 32 ёшли хорватиялик футболчи трансфери севильяликлар клубига атиги 1,5 млн еврога тушди, яна 9 млн евро бонуслар кўринишида тўланиши мумкин.

Франциялик ҳимоячи Самуэль Юмтити ва чилилик яримҳимоячи Артуро Видаль ҳам Суарес каби «Барселона»ни эркин агент сифатида тарк этиши мумкин. Бу икки футболчи ҳам янги бош мураббийнинг режаларидан ўрин олмаган. Француз футболчисининг келажаги маълум эмас, чилилик футболчи эса «Интер» билан келишиб қўйган.

Шунингдек ҳимоячи Жорди Альба ва яримҳимоячи Серхио Бускетснинг клубдаги тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Сўнгги вақтларда Нидерландия терма жамоасини бошқарган Куман жамоага ўз ватандошларини йиғмоқчи. Algemeen Dagblad маълумотига кўра, «Ливерпуль» яримҳимоячиси Жоржиньо Вейналдум (унинг трансфер қиймати 15-20 млн еврога баҳоланмоқда) ва «Лион» форварди Мемфис Депай Каталонияга келиши кутилмоқда. Чап қанот ҳимоясига бир неча номзодлар бор – хусусан, «Манчестер Сити»дан Анхелиньо, «Валенсия»дан Хосе Гайя ва «Аякс»дан Николас Тальяфико.

Ёзги трансферлар чоғида Миралем Пьянич («Ювентус») ва «Брага»нинг ёш форварди Франсишку Тринкау (у Криштиану Роналдуга қиёсланмоқда) клубга қўшиб олинган.

«Бавария» билан Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан Филиппе Коутиньо ҳам жамоада қолиши ойдинлашмоқда. Бразилиялик футботлчи таътилини барвақт тугатиб, «Барселона» машғулотларига келиб қўшилди. Куман Антуан Гризманн ва Месси каби уни ҳам жамоасининг асосий футболчилари қаторида кўрмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *