Коронавирус: Англияда фавқулодда вазият етишиб келмоқда, Мадридда норозилик

Британияда ҳукуматнинг илмий маслаҳатчилари одамларни бошқа оилалар билан камроқ учрашишга чақириб, янги ҳолатлар тез суръатда кўпайиб бораётганидан огоҳлантиришди, Мадридда камбағал туманларда яшовчи 850 минг аҳоли уйдан чиқмаслиги керак, Янги Зеландияда деярли барча коронавирус чекловлари бекор қилинди. 

Фото: Reuters

Жаҳон бўйича ҳозиргача Covid-19 касаллигига чалинган 31 миллиондан ошиқ бемор қайд этилган, вафот этганлар сони миллионга яқинлашмоқда. 

Британия: илмий маслаҳатчилар халққа мурожаат қилишди
Ҳукуматнинг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича бош маслаҳатчиси, одатда баландпарвоз баёнотлар бермайдиган  профессор Крис Уитти Британия халқига мурожаат қилди. Унга бош илмий маслаҳатчи сэр Патрик Уолланс ҳам қўшилди. 

Профессор Крис Уитти локдаун вақтида британияликлар орасида энг таниқли шахслардан бирига айланди

Ўсиб бораётган коронавирус статистикаси графикаларини кўрсатиб, Уитти рақамлар ҳозирда ҳар етти кунда тахминан икки баравар кўпайиб бораётганини таъкидлади. Олимнинг тахминларига кўра, октябрь ойи ўрталарига бориб Британияда кунига 50 мингта янги ҳолат кузатилиши мумкин, бу эса ноябрь ойи ўрталарида кунига 200дан ортиқ ўлимга сабаб бўлади.

Уолланснинг қўшимча қилишича, янги ҳолатларнинг кўпайиши барча ёш гуруҳларида кузатилади ва бу эса коронавирусга қарши тестлар имконияти кўпайгани билан боғлиқ эмас. 

Шунингдек, вирус апрелдаги ҳолатидан кўра кучсизланиши тахмин қилинганди, аммо ундай бўлиб чиқмади. 

Уолланснинг сўзларига кўра, Британияда йил охирига қадар коронавирусга қарши вакцинанинг чекланган миқдори пайдо бўлиши ва ундан хавф гуруҳидагилар фойдаланиши мумкин. 

Уитти британияликларни қўлларни тез-тез ювишга, аломатлар аниқланганда ўзини яккалашга ва бошқа-бошқа оилалар аъзоларининг сабабсиз тўпланишини тўхтатишга чақирди, чунки вирус энг кўп шу тарзда тарқалади.

Ўтган ҳафта охирида Британия бош вазири Борис Жонсон мамлакатда коронавируснинг иккинчи тўлқини  бошланаётгани ва бунинг муқаррарлигини эълон қилганди.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат тўлиқ локдаун ҳолатига тушмаслик учун барча имкониятларни ишга солмоқда, аммо, катта эҳтимол билан ижтимоий масофа сақлаш қоидалари кучайтирилишига зарурат туғилади.

Якшанба куни Британияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 3899та янги ҳолат қайд этилди. Сўнгги кунлардаги кўрсаткич май ойидан бери кузатилмаган даражада юқорилаган. Касалхоналарга ётқизилаётган беморлар сони ҳам ўсмоқда ва расмийлар ўлим кўрсаткичи ҳам ортишидан хавотирда. Якшанба куни коронавирус билан боғлиқ ўлим ҳолатлари сони 18тани ташкил этди. 

Мадридда «танланган» локдаун
Испания пойтахти Мадридда душанба куни Covid-19’нинг кўплаб янги ҳолатлари ва ўлимлар сони ортиши сабабли янги чеклов чоралари кучга кирди.

Жума куни Мадрид автоном ҳамжамияти раҳбари Исабель Диас Аюсо ушбу ҳудуднинг қарийб 850 минг аҳолиси душанба кунидан бошлаб уйда қолиши ва фақат ўта зарурат бўлганда – масалан, ишлаш ёки шифокорга бориш учун кўчага чиқиши мумкинлигини эълон қилди.

Ушбу чекловлар пойтахтда норозилик тўлқинини келтириб чиқарди: ҳукумат «синфий ёндашув» ва камбағал ҳудудларни камситишда айбланмоқда. 

Якшанба куни 37та тумандан 12тасида юзлаб одамлар кўчага чиқди. Улар танланган локдаунга қарши чиқишди ва ҳозирги эпидемиологик вазиятга муҳожирлар турмуш тарзини айбдор деб айтган Диас Аюсонинг истеъфосини талаб қилишди. 

«Бой ҳудудларда яшовчиларнинг кўчага чиқиши мумкинлиги, Валлекаседагилар эса уйда қолиши зарурлиги ҳақидаги ғояда мантиқ йўқ. Юқтириш хавфи бир хил», дейди намойишчилардан бири Reuters агентлигига.

Мадрид жанубида асосан ишчилар синфи вакиллари истиқомат қилувчи Валлекасе туманида шаҳар бўйича энг юқори касалланиш кўрсаткичи қайд этилмоқда. Унинг аҳолиси ишдан чиққан соғлиқни сақлаш тизими ва даромадларини йўқотишдан қўрқишлари ҳақида гапиришади.

Мадрид соғлиқни сақлаш раҳбари ОАВда агар танланган локдаун натижа бермаса, бутун шаҳарни ёпишга тўғри келишини айтди.

Испания ҳозирда Европада коронавирус билан касалланганлар сони бўйича биринчи ўринда туради, уларнинг учдан бир қисми Мадридга тўғри келади.

Айни пайтда, Нидерландиянинг йирик шаҳарларида кафе, ресторан ва барлар 100 кишининг ўрнига кўпи билан 50 нафар мижозга хизмат кўрсатиши мумкин ва расмийлар иш вақтини ҳам қисқартирган.

Исландия, Дания ва Франция ҳам ўтган ҳафта чеклов чоралари эълон қилинди. 

Чехия: Соғлиқни сақлаш вазири танқидларга жавобан ишдан кетмоқда
Чехия соғлиқни сақлаш вазири Адам Войтех коронавирусга қарши кураш стратегияси танқид қилинганидан кейин истеъфога чиқаётганини маълум қилди. Чехия ҳозирда янги ҳолатлар сони ўсиш суръати бўйича Европада Испаниядан кейинги иккинчи ўринда турибди. Сўнгги икки ҳафта ичида у ерда мамлакатнинг ҳар 100 минг аҳолисига ўртача 193та ҳолат қайд этилган.

Май ойи охирида Чехияда Covid-19’нинг биринчи тўлқини пайтида киритилган деярли барча чеклов чоралари бекор қилинганди. 

Бош вазир Андрей Бабиш истеъфога кетаётган Войтехга хизматлари учун миннатдорчилик билдирди ва агар у бутун кучини коронавирусга қарши курашга сарфламаганда, мамлакат тарихидаги энг яхши соғлиқни сақлаш вазири сифатида қолиши мумкин бўлганини таъкидлади.

Францияда вазият ёмонлашмоқда
Шимолий яримшарда жойлашган кўплаб давлатлар қиш яқинлашиши билан иккинчи тўлқинга тайёргарлик кўрмоқда.

Фото: Reuters

Францияда якшанба куни кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича янги рекорд кўрсаткич қайд этилди – 13 498 ҳолат. Шу вақтгача аниқланган жами ҳолатлар сони 453 мингга яқин, 31 мингдан ортиқ киши коронавирус қурбонига айланган. Касалланганлар орасида молия вазири Брюно Ле Мэр ҳам бор. Бир неча шаҳарлар, шу жумладан, Марсель ва Ниццада қатъий чекловлар жорий этилди.

Франция ҳукумати ўтган ҳафта бошидан буён янги касалланиш ҳолатлари сони узлуксиз ортиб келаётганини қайд этган. Ўтган ҳафтада мамлакатда ўнлаб мактаблар коронавирус тарқалиши туфайли ёпилди.

Бу вақтда француз касаба уюшмалари Франция ҳукуматини пандемиянинг иқтисодий оқибатларига қарши етарли чора кўрмаганликда айблаб, одамларни кўчаларга чиқишга чақирди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўплаб ҳудудларда чеклов чоралари қайтадан жорий этилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

«Бу эпидемиянинг тарқалиш суръатини пасайтириш, мактаблар очилиши ва жамиятимизнинг заиф қатламларини муҳофаза қилиш учун кўп иш қилиш керак», – деган ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда ҳолатлар бўйича дастури раҳбари, доктор Майк Райан.

Россия: ўсиш давом этмоқда, лекин ҳеч ким карантинга қайтмоқчимас
Россияда қаторасига саккизинчи кун янги ҳолатлар бўйича янги рекорд қайд этилди, сўнгги бир кунда – 6196та янги ҳолат, шундан 900та ҳолат Москвада аниқланган. Пандемия даврида Россияда касаллик юқтириб олганлар сони 1,1 миллиондан ошган, шундан 19,5 мингга яқин киши касаллик қурбони бўлган.

Коронавирус қурбони бўлган тиббиёт ходимлари учун ёдгорлик, Санкт-Петербург
Фото: EPA/Vostock-photo

Москва расмийлари янги ҳолатлар сони ошиши июнда бекор қилинган карантин чораларини қайтариш учун асос бўлмаслигини таъкидламоқда. Роспотребнадзор ҳам хавотирланишга ва карантинга қайтишга ҳожат йўқлигини айтмоқда.

Москва мэри Сергей Собянин ЖССТнинг минтақавий бюроси раҳбари Ҳанс Клюге билан учрашувда ташкилот тавсияларига амал қилинишига ваъда берган.

Россия таълим вазири Сергей Кравцов душанба куни мактаблардаги эпидемиологик вазият барқарор эканини маълум қилди. «Умумтаълим муассасаларида қандайдир касаллик авж олиши ҳолатлари кузатилмади. Вазият барқарор», деган у.

ЖССТнинг Россиядаги вакили Мелита Вуйнович ҳам шу кунларда коронавирус туфайли қатъий карантин чораларини жорий этишга зарурат кўрмаётганини айтганди.

Янги Зеландия деярли барча чекловларни бекор қилди

Сўнгги 24 соат ичида Covid-19’га чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳам янги ҳолат қайд этилмаган Янги Зеландия, мамлакатда аҳоли энг зич жойлашган Окленддан ташқари, барча ҳудудларда чекловларни бутунлай бекор қилмоқда.

Оклендда чоршанба куни тайёргарлик даражаси 2,5 даражадан 2 даражага туширилди – энди 100 кишигача йиғилишга рухсат берилади. Агар икки ҳафта ичида янги ҳолатлар кузатилмаса, Окленд ҳам бошқа ҳудудлар сингари барча чекловларни олиб ташлаши мумкин. 

Беш миллион аҳолига эга Янги Зеландияда бутун пандемия даврида Covid-19’дан атиги 25 ўлим қайд этилган.

Олимлар: коронавирус ниҳоятда чидамли, пандемия эса тушкунликни кучайтирди

Венгриялик олимлар коронавируснинг ажабланарли даражада эластиклиги ва юқори ҳароратга чидамлилигини аниқлашди.

Будапештдаги Земмельвейс университетининг бир гуруҳ тадқиқотчилари Sars-CoV-2’ни энг ингичка игна билан тешишга қарор қилишди. Олимлар заррачанинг шар каби ёрилиши учун қанча куч талаб қилинишини синаб кўрмоқчи бўлишган. Аммо зарра шунда ҳам ёрилмаган.

Заррачанинг диаметри 80 нанометр, игнанинг учи эса ундан ҳам кичикроқ эди. Олимлар игнани заррачанинг юқори қобиғига олиб келиб, охиригача туширишди. Зарра яссиланган, аммо уни теша олмаган.

Олимлар ушбу ҳаракатни 100 марта такрорлашган ва натижа ўзгармаган. 

Олимлар, шунингдек, заррачани 10 дақиқа давомида Цельсий бўйича 90 даражада қиздириб кўришди. Аммо унинг ташқи кўриниши ва тузилиши деярли ўзгаришсиз қолди – атиги бир неча «тиканлар» тушган. 

biorxiv.org веб-сайтида нашр этилган тадқиқотда олимлар коронавирус зарраси қанчалик мослашувчан ва термал барқарор бўлиб чиққанидан ҳайратларини яширишмади.

«Унинг механик хусусиятлари ва ўз-ўзини тиклаш қобилиятлари вирус турли атроф-муҳит шароитларига мослашишига имкон беради», дейди олимлар. 

Яқинда нашр этилган яна бир тадқиқот шуни кўрсатдики, пандемия америкаликларда стресс, хавотир ва тушкунликни кучайтирди – хусусан, бунга ОАВ ҳам таъсир кўрсатган. 

Ирвайн шаҳридаги Калифорния университети олимлари томонидан 2020 йил март-апрель ойларида ўтказилган тадқиқотда 6500 нафар америкалик иштирок этган. Олимлар пандемия одамларга реал вақтда қандай таъсир қилишини баҳолашган.

Science Advance журналида эълон қилинган натижалар шуни кўрсатдики, ортиб бораётган стресс, хавотир ва депрессияга охир-оқибатда коронавирус билан боғлиқ медиаконтентни истеъмол қилишдан ташқари, иш ёки маошдан айрилиш каби омиллар ҳам сабаб бўлган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *