Коронавирус аниқланган беморларни амбулатор даволашга ихтисослашган «махсус поликлиникалар» фаолияти йўлга қўйилади

Ўзбекистонда коронавируснинг енгил шакли билан уйда даволанаётган беморларни амбулатор даволашга ихтисослашган «махсус поликлиникалар» фаолияти йўлга қўйилади. 

Республика махсус комиссияси қарори билан мутасаддиларга коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни шифохонага жойлаштиришнинг аниқ ва шаффоф мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда беморларни шифохонага жойлаштиришда ушбу мезонларга қатъий амал қилиш устидан аниқ топшириқлар берилди. Бунда, қандли диабет, онкологик, юрак қон-томир, аутоиммунлик кассаликлари, метаболик синдроми мавжуд ҳамда 55 ва ундан юқори ёшдаги беморларни биринчи навбатда шифохонага жойлаштирилиши белгиланди.

Шу мақсадда коронавирус билан касалланганларни даволаниш учун жойлаштириш муассасалари захирасини тайёрлаш ҳамда фуқароларни тўғри тақсимлаган ҳолда жойлаштириш мақсадида барча ҳудудларда махсус тақсимлаш марказлари фаолияти ташкил этилмоқда.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда Тошкент шаҳри тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар ҳамда ушбу инфекция тасдиқланган беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларни амбулатор даволашга ихтисослашган «махсус поликлиникалар» фаолияти йўлга қўйилади. 

Фуқароларга қулайлик яратиш, шунингдек, уларга малакали тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатишни таъминлаш мақсадида «махсус поликлиникалар» ва махсус тақсимлаш марказларининг тун-у кун фаолият кўрсатиши белгиланди.

Шу билан бирга, йирик тадбиркорлик субъектларига карантин чекловлари амал қилган даврда тегишли ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва савдо объектларида санитария-гигиена ва эпидемиологик талабларга риоя этилиши учун масъул бўлган ходим белгилаш тавсия этилади.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан Уй шароитида карантинни ташкиллаштириш тартиби тўғрисида услубий кўрсатма ҳам тасдиқланди.

Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда коронавирус инфекцияси енгил, ўртача оғир ва оғир ўтаётган беморларни даволаш стандартлари тасдиқланиши ҳамда фуқароларга тавсия этиладиган дори воситаларининг ягона рўйхати шакллантирилиши белгиланди.

Шу билан бирга коронавирус инфекциясига қарши кураш самарадорлигини ошириш мақсадида:

  • республикадаги барча дорихоналарни зарур дори воситалари билан таъминлаш ҳамда дорихоналарда дори воситаларининг нархлари барқарорлигини таъминлаш; 
  • коронавирус инфекциясини даволашга мўлжалланган шифохоналарни кислород билан таъминланган ҳолда шайлигини тайёрлаш;
  • коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни клиник белгиларига асосан тест жавобларини кутмасдан тиббий ёрдамни ташкил қилиш бўйича зарур чоралар белгиланди.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларининг фаолиятини жадаллаштириш, шунингдек, таъминот манбайи бўлмаган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, боқувчисидан ажралган, оғир касаллари бор, кўп болали, ижтимоий нафақаси реал эҳтиёжларини қопламайдиган ва ундан бошқа даромад манбайи бўлмаган, ота-оналаридан бири ёки иккиси ҳам ногирон бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Коронавирус пандемияси даврида тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ходимлари ва бошқа ходимларга қонун ҳужжатларида тўланиши назарда тутилган қўшимча тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб берилишини таъминлаш ва назорат қилиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди ва унинг вазифалари белгилаб берилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *