Паралимпиячиларимиз ютуғи улкан, бироқ уларга янада кўпроқ эътибор зарур…

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, ногирон ва жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг ҳам билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиши ва интилишига кўра касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик самарасида вояга етаётган паралимпиячиларимиз Паралимпия ва Параосиё ўйинларида, жаҳон ҳамда қитъа биринчиликларида муносиб иштирок этиб, мамлакатимиз шарафини янада юксалтирмоқда.

Жорий йил Токио шаҳрида бўлиб ўтиши кутилаётган XVI Паралимпия ўйинларининг ўтказилиши коронавирус пандемияси сабаб бир йил ортга сурилди.

Бироқ бу дегани паралимпиячиларимизга бироз дам олиш учун вақт бўлди, дегани эмас, балки улар ўз устида тинимсиз ишлаб, маҳоратларини кундан-кунга оширишлари учун яна бир имкониятдир.

Паралимпия ўйинлари – ногирон ва жисмоний имконияти чекланган спортчиларнинг энг йирик халқаро спорт анжумани ҳисобланади. Ҳар тўрт йилда анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ушбу мусобақада Ўзбекистон паралимпиячилари доимо юқори натижаларни қўлга киритган.

Жумладан, 2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг 32 паралимпиячиси дзюдо, сузиш, енгил атлетика, ўқ отиш ва пауэрлифтинг турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза, жами 31 медалга сазовор бўлди. Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон спорт делегацияси 160 дан ортиқ давлат орасида ўн олтинчи, МДҲ давлатлари ўртасида иккинчи, Осиё мамлакатлари ичида учинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.

Шу сабабли ҳам келаси йил ўтадиган “Токио-2020” Паралимпия ўйинларида спорт ихлосмандлари паралимпиячиларимиздан бундан-да юксак натижалар кутади.

Ҳозирда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XVI Паралимпия ўйинларида муносиб иштирок этиш учун спортчиларни тайёрлаш борасида самарали ишлар олиб бормоқда.

Паралимпиячиларимиз учун яратилган имкониятлар билан танишиш, “Токио-2020” мусобақасига тайёргарлик, муаммо ва камчиликлар ҳамда келгуси режалар ҳақида ЎзА мухбири Пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сардор АБДУҲАЛИҚОВ билан суҳбатлашди.

– Пара енгил атлетика юртимизда қай даражада оммалашмоқда?

– Мазкур спорт тури мамлакатимизда жадал тарзда оммалашмоқда деб айта оламан. Енгил атлетика дунёда энг оммабоп спорт турларидан бири бўлиб, у билан нафақат соғлом инсонлар, балки ногиронликнинг барча гуруҳларидаги имконияти чекланганлар ҳам шуғулланиши мумкин. Юртимиз миқёсида оладиган бўлсак, Пара енгил атлетика асосан вилоятларимизда юқори даражада оммалашмоқда.

– Пандемия сабаб қарийб беш ой мобайнида мамлакатимизда карантин жорий этилди. Ушбу давр мобайнида терма жамоа аъзолари қандай тайёргарлик кўрди?

– Ҳа, бу йил барча учун ўта оғир ва шу билан бирга анча маъсулиятли ўтмоқда. Коронавирус пандемияси сабаб, спорт мусобақалари тўхтатилди, ҳатто спортчилар шуғулланиш учун спорт залларига бора олмади. Мен карантин вақтида шогирдларимга фақатгина умумий жисмоний ҳолатни ушлаб турувчи машқлар бердим. Ҳозирда, 2021 йили февраль-март ойларида БААнинг Дубай шаҳрида ўтадиган Гран-при мусобақасига тайёрланмоқдамиз. Сабаб, мазкур спорт мусобақаси Паралимпия ўйинларига рейтинг очколарини беради.

– Дарвоқе, шу кунга қадар атлетларимиз нечта Паралимпия йўлланмасини қўлга киритди ва яна нечта йўлланмадан умид қилиш мумкин?

– Ҳозирда 8 та Паралимпия ўйинларида тўғридан-тўғри иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмамиз мавжуд. Шунингдек, яна 12 та йўлланмани қўлга киритишни режа қилганмиз. Шуни таъкидлаб ўтишим керакки, 2016 йили Бразилияда ўтган Паралимпия ўйинларида пара енгил атлетикачиларимиз бор-йўғи 7 та йўлланма олган. Бу галги мусобақада улар сонини икки баробарга ошириш ниятидамиз.

– “Токио-2020″га тайёргарлик қандай ўтмоқда? Бу борада яратилган имкониятлар ва муаммолар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

– Дастлаб, йил бошида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ спортчиларимизнинг замонавий меъёрлaр асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказдик. Сўнгра, юқорида айтганимдек, беш ой мобайнида уй шароитида шуғулландик.

Афсуски, бугунги кунга келиб, мазкур мусобақага кўнгилдагидек тайёргарлик кўра олмаяпмиз. Карантин сабаб бутун бир терма жамоани бир жойга йиғиш ва ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун имкониятлар унчалик етарли эмас. Буёғига қиш келиб қолди. Аввалари қиш ойларида чет элда ўқув машғулот йиғинини ўтказар эдик. Бу йил эса халқаро ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш анча қийинчилик туғдирмоқда. Молиявий томонлама муаммолар йўқ, фақатгина пандемия сабаб спортчиларимизнинг саломатлигини асраш бироз муаммо. Шу сабабли ҳам халқаро йиғинларни чуқур ўйлаган ҳолда ўтказиш керак бўлмоқда.

Қишки мавсумда муносиб тайёргарлик кўриш, спортчилар шуғулланишлари учун қулай шароитлар яратиш керак. Шу сабабли қишки тайёргарликлар биз атлетлар учун ўта мухимдир.

Тўғри ҳозирда, спортчиларимиз учун мавсумий спорт экипировкалари, стипендиялар, уларнинг саломатлигини ушлаб турувчи витамин ва озиқ-овқатлари аъло даражада етказиб берилмоқда. Бироқ қишки мавсумда юқори савияда шуғулланиш учун имконият деярли йўқ.

Ўтган мавсумларда Республика олимпия захиралари коллежининг енгил атлетика манежида бироз совуқроқ бўлса-да, қишки мавсумни ўтказардик. Афсуски, Паралимпия ўйинларига бир йил қолганида ушбу манежни таъмирлаш ишлари бошланди ва у ерда шуғулланиш имкони йўқолди. Барчамизга маълумки, паралимпиячилар соғлом инсонларга нисбатан имконияти бироз чекланган ва уларга алоҳида эътибор зарур. Ҳозирда мен улар билан қаерда шуғулланишни ўйламоқдаман. Шунингдек, пандемия шароитида барчамиз учун шамоллаш, грипп каби касалликлар ўта ҳафлидир ва буни барчамиз тушунмоқдамиз. Шу сабабли ҳам қишки мавсумда шуғулланишимиз жуда паст даражада ўтади деб қўрқаман. Аввало бу, спортчиларимизнинг нуфузли мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритишида катта тўсқинлик қилади.

Умуман олганда, нафақат қиш мавсумида, балки бошқа мавсумларда ҳам паралимпиячилар учун янада яхшироқ қулайликлар яратиш масаласини кўриб чиқиш лозим деб ўйлайман.

Сўнгги йилларда паралимпиячиларимиз кўрсатаётган юқори натижалар туфайли, турли чет давлатлари терма жамоаларидан юртимизда ўқув-машғулот йиғини ўтказиш учун таклифлар олмоқдамиз. Афсуски, уларнинг деярли барчасига рад жавобини қайтаришга мажбурмиз. Сабаби, юртимиздаги барча қулайликка эга бўлган спорт иншоотлари фақатгина соғлом спортчилар учун мўлжалланган. Имконияти чекланганлар учун алоҳида стадионлар, спорт комплекслари деярли йўқ, бори ҳам талабга жавоб бермайди. Чет эл паралимпиячиларига бу ноқулайлик туғдиради.

Нолимаймиз, ўзбек паралимпиячилари ҳар қандай шароитда ҳам ўз устида ишлайди ва Ватан шарафини бор куч-ғайрати билан ҳимоя қилади. Бироқ, озгина эътибор ва имкониятлар бугунги кунда эришган ютуқларимизнинг янада кўпайишига, Олимп чўққисини доимо забт этишига катта ҳисса қўшади.

Биз ҳозирда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясида шуғулланмоқдамиз, бу ерда шарт-шароитлар мавжуд. Шу ўринда, бизга эътибор қаратаётган ассоциациямизга ўзим ва шогирдларим номидан миннатдорчилигимизни билдираман.

– Сардор ака, айтингчи бугунги кунда терма жамоаларга янги номларни саралаш ишлари қандай кечмоқда?

– Аввало терма жамоа бош мураббийи сифатида ҳар қандай ёш тоифасида ўтадиган ички мусобақаларни кузатаман ва унда яхши натижа кўрсатган пара атлетларни терма жамоа билан шуғуллантираман. Шунингдек, селекция вазифасини иложи борича ўзим амалга ошираман.

Ўтган йилги мавсумгача мамлакатимизнинг турли вилоятларига бориб ассоциациямизнинг вилоят бўлимлари билан ҳамкорлик қилган ҳолда уйма-уй юриб янги номларни қидирар эдим ва уларнинг ногиронлик гуруҳларига қараб шуғулланишлари учун қулай бўлган пара енгил атлетика йўналишларини тавсия этардим.

Афсуски, ҳозирда вилоят бўлимларимиз яхши ишламаяпти шу сабабли ҳам селекция масаласи қийинлашмоқда. Бироқ бу ишларни янада ривожлантириш учун сиз ОАВ ходимларини ўрни беқиёс. Масалан мен терма жамоа бош мураббийи бўлсамда, пара енги атлетика билан шуғулланаман деб келган ҳар қандай имконияти чекланган ёшларни машғулотларга йўналтираман. Ва етакчи спортчи бўлиши учун бор имкониятимни ишга соламан. Бу учун ҳеч қандай харажат ёки молиявий рағбат сўрамайман. Паралимпия билан шуғулланувчилар учун доимо эшигимиз очиқ.

– Сардор ака мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Келгусидаги ишларингизга омад тилаб қоламан.

– Ўзбекистон паралимпиячилари ўз маҳорати, матонати ва шижоатини барча нуфузли мусобақаларда доимо тўла намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Спортчиларимиз келажакдаги нуфузли мусобақаларда, жумладан, Япониянинг Токио шаҳрида бўладиган XVI Паралимпия ўйинларида ҳам янада салмоқли натижаларга эришиши шубҳасиздир. Ва ушбу улкан марраларни забт этиш учун эса бироз эътибор қаратиш лозим.

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *