Паралимпия қўмитаси раҳбарияти пара енгил атлетикачилар билан учрашди

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича тузилган Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ 28 июнь санасидан карантиннинг янги талаблари кучга кирди. Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раҳбарияти қарорда кўрсатилган талабларга қатъий риоя қилиш, спорт базаларидаги вазиятни назоратга олиш бўйича ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилаётган базаларга ташриф буюриб, у ердаги ҳолат билан яқиндан танишмоқда.

Жумладан, бугун Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев пара енгил атлетикачиларимиз шуғулланаётган Ангрендаги “Дукент” спорт базасида бўлди ва у ерда терма жамоа аъзолари билан учрашув ўтказди.

“Олдинда бизни Токио Паралимпия ўйинлари кутмоқда. Ушбу муҳим спорт тадбирига бир неча йиллардан буён давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда ва тайёргарлик кўрилмоқда. Шу сабабли мусобақа арафасида спортчиларнинг саломатлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим ҳисобланади. Муҳтарам Президентимиз ва бутун ўзбек халқи сизлардан катта ғалабалар кутмоқда. Биз биргаликда белгиланган барча қоидаларга риоя қилган ҳолда ушбу билдирилаётган юксак ишончни оқлашимиз зарур”, – деди Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев.

Бундан ташқари, Паралимпия қўмитаси раҳбарияти спортчиларнинг тайёргарлик жараёни билан ҳам яқиндан танишди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *