Пара енгил атлетика ҳамда пара академик эшкак эшиш бўйича Токио-2020 Паралимпия ўйинларига лицензия олган спортчилар ва уларнинг тренерлари тақдирланди

Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига лицензия қўлга киритган спортчиларни тақдирлаш маросими бугун Ангренда давом этди. Дукент спорт базасида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов иштирок этди.

Шу куни пара енгил атлетика ҳамда пара академик эшкак эшиш бўйича Токио-2020 га лицензия қўлга киритган терма жамоа спортчиларига 100 миллион сўмдан, уларнинг тренерларига 50 миллион сўмдан бир марталик мукофот пул мукофотлари сертификатлари топширилди.

Маросимда сўз олган Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев Паралимпия ўйинлари остонасида турган спортчи ва тренерларга ўзининг самимий тилакларини изҳор қилди.

“Муҳтарам Президентимиз томонларидан спортга, ҳусусан Паралимпия ҳаракатига қаратилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик дунёнинг камдан-кам давлатларидагина бор. Шундай экан, биз барчамиз бир жамоа бўлиб, олдимизда турган Токио-2020 Паралимпия ўйинларида ушбу ишончни оқлашимиз ва юртимизга юқори натижалар билан қайтишимиз лозим. Бу йўлда барчангизга авваламбор соғлик, куч-қувват, сабр ва матонат тилайман. Барчангизга омад ёр бўлсин”, – деди Мухторхон Ташходжаев.

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Сизларнинг мана шундай сабр ва матонат билан кўрсатаётган натижаларингиз ҳар қандай таҳсинга сазовор. Албатта, олдимизда катта мақсадлар турибди. Токиода бўладиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида халқимиз ва Президентимиз сизлардан юқори натижалар кутмоқда. Ишонаманки, сизлар албатта бу ишончни оқлайсизлар ва Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнасига муносиб совға билан қайтасизлар. Барчангизга яна бир бор омад ва зафарлар ёр бўлсин”, – деди Равшан Эрматов.

Шундан сўнг пара енгил атлетика бўйича терма жамоа аъзолари – Сабина Суханова, Асила Мирзаёрова, Муҳаммад Рехсимов ва Нурхон Қурбонова сўзга чиқиб, ўзларига нисбатан билдирилган ушбу юксак эътибор учун Муҳтарам Президентимизга чуқур миннатдорчилик билдиришди ҳамда бу ишончни Токиода бўладиган ўйинларда оқлашга ваъда беришди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *