Сендвич панелидан қуриб битказилган кўп тармоқли спорт залига медиа-тур ташкил этилди

Охирги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, мамлакат спортчиларининг халқаро майдонларда муносиб иштирок этишини таъминлаш ҳамда уларга зарур шарт-шароитларни яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бунинг тасдиғи сифатида Тошкент вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тасарруфидаги Тошкент тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби филиали учун сендвич панелидан 36х36 ўлчамдаги спорт зали ҳамда 12х24 ўлчамдаги сунъий қопламали футбол майдони қуриб битказилганлигини айтиш мумкин. Лойиҳанинг умумий қиймати  4 миллиард 120 млн сўмни ташкил этиб, қурилиш ишлари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.

Бугун, 19 август куни Ўзбекистондаги ўндан ортиқ оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ушбу замонавий спорт иншоотига медиа-тур ташкил этилди. Медиа-тур давомида сендвич панелидан қуриб битказилган спорт залининг афзалликлари борасида журналистларга тўлиқ маълумот бериб ўтилди.

Янги ўқув йилидан фойдаланишга топшириладиган универсал спорт залида мини-футбол, бокс, бадиий гимнастика, эркин кураш, “Турон” жанг санъати, каратэ WKF, бадминтон спорт турларидан қўшимча спорт тўгараклари ташкил этилади. Натижада туман ёшларининг қарийб 600 нафари мунтазам ўзларининг севимли спорт турлари билан шуғулланиш имкониятига эга бўлишади.

Ушбу спорт залида бир пайтнинг ўзида баскетбол, мини-футбол, волейбол, гандбол ва бадминтон спорт  турлари билан шуғулланиш имконияти мавжуд. Бир сўз билан айтганда, 2020/2021 ўқув йилидан фойдаланишга топшириладиган кўп тармоқли спорт зали Тошкент тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортнинг ўйин турларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *