Сиртқи таълим учун имтиҳонлар ҳам 2 сентябрдан бошланади — вазирлик

Олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим йўналишига ҳужжат топширган абитуриентлар ҳам 2-14 сентябрь кунлари тест синовларида иштирок этади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов маълум қилди.

«Кундузги таълим йўналишларида қандай тартиб бўлса, айни шу таълим йўналишлари бўйича кечки ва сиртқи шаклларда ҳам худди шундай тартиб бўлади. Яъни тест бўладиганларида тест, ижодий имтиҳон бўладиганларида ижодий имтиҳон.

Ижодий имтиҳонлар вақти ОТМлар томонидан белгиланиб, улар ҳақидаги маълумотлар абитуриентларга етказилади.

ДТМ томонидан белгиланган низом бўйича тест бошланишидан камида 10 кун олдин рухсатномалар олиш имконияти яратилади. Рухсатномада абитуриент қачон ва қаерда тест топшириши ҳақидаги маълумотга эга бўлади», – деди Абдували Холиқов 10 августдаги матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, ОТМларнинг иккинчи ва ундан юқори босқич талабалари учун дарслар 2 сентябрдан масофавий тарзда, 1-курс талабалари учун эса 1 октябрдан ё анъанавий, ё масофавий шаклда бошланиши режалаштирилган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *