Соғлом турмуш сари… 7 ёшдан ҳаракат қилиб, 70 ёшда ҳам бардам бўлишга рағбат берувчи фармон ҳақида

Юриш, югуриш, жисмоний тарбия, спорт, олимпия ҳаракати… Булар қандай аталишидан қатъи назар ягона ғоя – соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади ва туб замирида инсонларни саломатликка чорлайди. Айни пандемия пайтида инсон учун соғлиқдан муҳим неъмат йўқ эканини қалбдан ҳис этяпмиз. Бунинг учун иммун тизими мустаҳкам бўлиши, тана доимий ҳаракатда бўлиши талаб этиляпти ва бу таъкидлар янгилик эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30 октябрь куни «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ана шу заруриятларга қаратилган энг муҳим масалаларни ўз ичига олгани билан эътиборлидир. Ҳужжат матнини диққат билан ўқиб чиқиб, унга қатъий амал қилсангиз, сизга нафақат дард яқин йўламаслиги, балки узоқ умр кўриш учун қадам ташлаш имконини ҳам беради.

Қуйида фармонда келтирилган энг муҳим бандларга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

«Соғлом турмуш тарзи» платформаси

Фармон асосида 2021 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқиладиган «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформасига асосан:

  • Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадамюрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг платформадаги электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан;
  • ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 млн сўмқўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб, барча давлат органлари ва ташкилотларида:

  • меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш бўйича ходимга «Спорт тарғиботчиси»қўшимча вазифаси юкланиб, унинг иш ҳақига 20 фоиз устама белгиланади;
  • ҳафтада камида бир марта, иш вақтидан сўнг раҳбар ва барча ходимларижисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланиши йўлга қўйилади;
  • ҳар шанбакуни соат 14:00 дан кейин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади. Бунда, мусобақалар байрамона руҳда, «шоу» кўринишида ўтказилишига, ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилишига алоҳида эътибор қаратилади;
  • тренажёр зали, «Workоut» майдончаси, спорт майдончалари ва хоналари, спорт машғулотлари ва мусобақаларини молиялаштиришдавлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда бошқа қонуний манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
  • биринчи раҳбарларга«шахсий намуна» тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражаси, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичлари яхшиланишига қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.

Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Workоut» (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгиланди:

  • Ушбу спорт турларини оммавийлаштириш ва ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 2021 йилдан бошлаб дастурлар тўлиқ бажарилгунга қадар ҳар йили 104 млрд сўмдан ажратилади.
  • Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилишга қаратилган дастурларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 2021 йилдан бошлаб дастурлар тўлиқ бажарилгунга қадар ҳар йили 10 млрд сўмданмаблағлар ажратилади.

Пиёдалар ва велойўлаклар қурилади

Ҳужжатга кўра, ҳокимликлар Қурилиш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 15 ноябрга қадар  йўлаклар лойиҳаларини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига жойлаштиради.

Йўлакларни қуриш ишлари 2021 йил 1 январдан бошланиб, 2021 йил 1 майга қадар тугатилиши белгиланди.

Бунда қуйидагилар назарда тутилади:

  • пиёдалар ва велосипед йўлакларининг умумий узунлиги
    3-5 километрни ташкил этадива ўзаро узвий боғлиқ бўлади;
  • замонавий, энерготежамкор (ҳаракат сенсорлари билан жиҳозланган) ёритиш тизимлари ва ёруғлик қайтарувчи, йўлакларни бошланиши, оралиғи ва якунини кўрсатувчи йўл белгилари билан тўлиқ таъминланади;
  • пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этишда алоҳида ҳаракатланиш имкониятлари яратилади ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун «тўсиқсиз муҳит»ташкил этилади.

2021 йил учун инвестиция дастури доирасида марказлашган капитал қўйилмалар ҳисобидан марказий кўчаларни модернизация қилиш учун жами 1,4 трлн сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

«Саломатлик йўлаклари»

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2021 йил давомида босқичма-босқич барча туманларда аҳоли учун қулай кўчаларда умумий узунлиги 50 км бўлган пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари»ни ташкил этади. Бунинг учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси пойтахт ҳокимлигига 2023-2024 йилларда қайтариш шарти билан 20 млн доллар миқдорида фоизсиз ссуда беради.

Ушбу тажрибадан келиб чиқиб, 2022 йилдан бошлаб Нукус, Бухоро, Нурафшон, Самарқанд, Термиз, Хива, Шаҳрисабз ва Қўқон шаҳарларида ҳамда 2023 йилдан бошлаб республиканинг барча йирик шаҳарларида пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари» ташкил этилади.

Жисмоний тарбия дарслари кўпайтирилади

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида умумий ўқув соатлари доирасида жисмоний тарбия фани барча синфларда ҳафтада 2 соатдан ўқитиш йўлга қўйилади.

2021 йилда умумтаълим мактабларига 50 та спорт зали қурилиши учун 100 млрд сўм, спорт таълим муассасаларига 48 та спорт иншооти қурилиши учун 400 млрд сўм ажратилади.

2021 йил 10 апрелга қадар 2022-2023 йилларга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилиб, шу асосда умумтаълим мактаблари спорт заллари билан тўлиқ таъминланади, ҳар бир туман(шаҳар)да моддий-техника базасига эга болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда бошқа жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг спорт иншоотлари қурилади ва жиҳозланади.

Фармонга асосан:

  • икки ой муддатда умумтаълим, профессионал ва олий таълим муассасаларида дарслар оралиғида (катта танаффус вақтида) «Спорт дақиқаси» жисмоний машқлари амалиётга жорий этилади;
  • дарслар бошланишидан олдин эса 2 дақиқа нафас олиш машқлари ўтказилади.

Боғчаларнинг тиббиёт ходимлари ва мактабларга бириктирилган тиббиёт ходимлари тарбияланувчилар ва ўқувчилар соғлиғи ва жисмоний камолотини доимий равишда назоратга олади.

Диетология бўйича кадрлар тайёрланади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

  • бир ой муддатда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази билан биргаликда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларининг врач ва ўрта тиббий ходимларини диетологиябўйича тайёрлаш, шу жумладан амалий кўникмаларини шакллантириш бўйича қисқа муддатли курсларни ташкил қилади;
  • 2021 йил 1 мартга қадар, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда ортиқча вазнга эга шахслар учунўртача кунлик овқатланиш меъёри ва рациони ҳамда жисмоний машқлар комплексини ишлаб чиқиб, уни аҳоли орасида доимий тарғиб этиб боради;
  • таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори меъёридан ортиқ бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини кам истеъмол қилиш бўйича оилалар ўртасида тарғибот ишларини олиб боради.

2021 йил 1 июлдан бошлаб, вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбар ва ходимларининг антропометрик кўрсаткичларини баҳолаш йўлга қўйилади. Кўрсаткичлар рейтинг асосида таҳлил қилиниб, натижаларни онлайн кузатиш тизими ишлаб чиқилади.

Рейтинг кўрсаткичларини бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов Олий Мажлис палаталарига тақдим этади. Шу асосда энг паст рейтингга эга давлат органлари раҳбарларининг фаолияти ҳар ярим йилликда танқидий муҳокама қилинади. Аксинча, энг юқори рейтинг тўплаган раҳбарлар рағбатлантирилади.

2021 йилдан бошлаб, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги «Соғлом турмуш тарзи»платформасида рўйхатдан ўтган ва ундан фойдаланган жисмоний шахслар сонига ҳамда уларнинг спорт натижаларига қараб, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳар чорак якуни бўйича рейтинги тузилади ва улар фаолиятига Вазирлар Маҳкамаси баҳо беради.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман, шаҳар ҳокимликлари, давлат органлари ва ташкилотлари:

  • ҳар йили 1 декабрга қадар кейинги йил учун йил давомида ўтказиладиган ҳафталик мусобақаларни ўтказиш календарь режасини тасдиқлайди;
  • йиллик харажатлар сметасини шакллантиришда мазкур мақсадлар учун маблағлар ажратилишини назарда тутади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги жамоа шартномаларида:

  • иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари;
  • технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб, ходимларга ишлаб чиқариш гимнастикаси машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффуслар белгиланади.

Рекламаларга чеклов ўрнатилади

Шунингдек, ҳужжат асосида уч ой муддатда туз, қанд ва ёғ миқдори меъёридан ортиқ бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасига қуйидаги чекловларни ўрнатиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади:

  • таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт муассасалари ҳудудида ҳамда жамоат транспортида реклама қилиш;
  • болалар, анимацион персонажлар ва болалар кўрсатувлари қаҳрамонлари иштирокида реклама қилиш;
  • оммавий ахборот воситаларида болалар учун мўлжалланган кўрсатувлардан 30 дақиқа олдин ва кейин намойиш қилиш.

Парламент ўйинлари ўтказилади

Президент имзолаган, соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ҳаётга кенг татбиқ этишга оид фармонга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати барча қўмиталар, депутатлар, сенаторлар, сиёсий партиялар фракциялари ўртасида Парламент ўйинлари спорт мусобақаларини жорий этиш тўғрисида таклиф киритган ва у қўллаб-қувватланган.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 июнга қадар қуйидагиларга оид ҳукумат қарорлари қабул қилинади:

  • юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва «Workоut» спорт турларини ривожлантириш;
  • паралимпия ҳаракатини ривожлантириш;
  • жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилиш;
  • «Соғлом аёл – буюк келажак» ғоясини ўзида мужассам этган хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан оммавий тарзда шуғулланишга жалб қилишга қаратилган чора-тадбирлар дастури.

Маҳаллалар ўртасида танловлар

Ҳар чоракда ҳар бир туман (шаҳар)да «Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла» танлови ташкил этилади.

  • Танловда 1-ўринни эгаллаган маҳаллага 10 млн сўм, 2-ўрин учун  5 млн сўмва 3-ўринга 3 млн сўм миқдорида пул мукофоти берилади; маблағлар «Маҳалла» хайрия жамоат фондидан ажратилади.
  • Пул мукофоти МФЙнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади ва маҳаллада спорт майдончаларини ташкил этиш, уларни жиҳозлаш, спорт тадбирларини ўтказиш мақсадларига истисно тариқасида тендер савдоларисизйўналтирилади.
  • Бир ой муддатда ушбу танловни ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланади. Бунда маҳалла аҳолисининг доимий равишда жисмоний тарбия машғулотларига жалб этилиши, соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя этиши, маҳаллада зарур спорт инфратузилмаси мавжудлиги, ўтказилган мусобақалар сони, маҳалла аҳолисининг касалланиш даражаси пасайиб бориши кўрсаткичлари назарда тутилади.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, касалликка дучор бўлиб, азият чеккандан кўра, унинг олдини олиш чораларини кўриш керак. Бунинг учун ўзингизда куч топиб, мунтазам юриш, югуриш одатини касб қилиб олиш, тўғри ва соғлом овқатланиш, гигиенага риоя қилиш кифоя. Ҳаммаси ўз қўлингизда!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *