ССВ хорижга чиқишда талаб қилинадиган тиббий маълумотномани қаерда олиш мумкинлигини маълум қилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистондан хорижга чиқиш учун талаб қилинадиган коронавирусга чалинмаганлик тўғрисидаги тиббий маълумотномани қаердан олиш мумкинлиги тўғрисида маълумот берди.

«Чет элга чиқувчи шахсларга полимер занжирли реакция (ПЗР) усулида текширилган таҳлил натижаси манфий чиққанини кўрсатувчи маълумотномалар бериш жараёнини янада соддалаштириш мақсадида қатор тиббиёт муассасаларига, хусусан, хусусий тиббиёт ташкилотларига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатма хати асосида, шунингдек, Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг тегишли буйруғи билан хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан берилаётган маълумотномалар ягона шаклга келтирилмоқда.

Мазкур маълумотномалардан вақтинчалик фойдаланилади. Улар чегара назорат пунктларига тўлов квитанцияси билан бирга тақдим этилгандагина ҳақиқий ҳисобланади. Бу чоралар маълумотномаларни сохталаштиришнинг олдини олиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Ушбу жараён билан параллел равишда таҳлил натижалари босқичма-босқич штрих-код (QR-код) орқали ўқиладиган электрон дастурга ўтказиб борилади. Натижалар бўйича маълумотлар базаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда шакллантирилади. 

Коронавирус инфекциясини ПЗР усулида текшириш бўйича кўрсатилаётган хизматлар сифати Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ташкилотлари ва хусусий тиббиёт ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим омил бўлади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Вазирлик хорижга чиқишда талаб қилинадиган маълумотнома намунасини ҳам намойиш этди.

«Мамлакатимиз ҳудудидан ташқарига чиқаётган шахсларга бериладиган тиббий маълумотномаларни сохталаштиралишининг олдини олиш мақсадида, Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг тегишли буйруғига асосан юқоридаги маълумотнома шакли тасдиқланди», дейилади хабарда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *