Тошкентдаги уч туманга янги раҳбарлар тайинланмоқда. Ортиқхўжаевнинг собиқ ва ҳозирги ўринбосарлари туман ҳокимлари бўлади

Тошкент шаҳрининг Сергели, Яшнобод ва Бектемир туманларининг янги раҳбарлари маълум. Kun.uz манбаси хабар беришича, Тошкент шаҳри ҳокимининг собиқ ўринбосари Элбек Шукуров, шаҳар ҳокимининг ҳозирги ўринбосарларидан бири Бахтиёр Раҳмонқулов ва Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Жаҳонгир Иброҳимов пойтахт туманларига ҳокимликка тайинланади.

Манбанинг маълум қилишича, яқин вақтлар ичида ушбу номзодлар Тошкент шаҳри ҳокимлигида ўтказиладиган йиғилишда лавозимга тасдиқланади.

Маълум қилинишича, 2018-2020 йилларда Тошкент шаҳри ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлган, 2020 йил февралидан буён Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келган Элбек Шукуров Сергели тумани ҳокими лавозимига тайинланади.

Элбек Шукуров

2018 йил декабридан буён Тошкент шаҳар ҳокимининг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Бахтиёр Раҳмонқулов Яшнобод тумани ҳокими лавозимини эгаллайди.

Бахтиёр Раҳмонқулов

Шунингдек, кўп йиллардан буён Сирдарё вилояти ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жаҳонгир Иброҳимов Бектемир туманининг янги ҳокими бўлади.

Жаҳонгир Иброҳимов (ўртада)

Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида 2019 йил сентябридан буён Сергели тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Шамуратов лавозимидан озод этилганди. 

24 август куни эса Яшнобод тумани ҳокими Ҳожиакбар Тиллашайхов ҳамда Бектемир тумани ҳокими Шоҳрух Мамажонов (уларнинг иккиси ҳам 2018 йил июль ойидан буён ҳоким эди) лавозимларидан четлатилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *