Тошкентнинг уч туманида янги ҳокимлар иш бошлади

Тошкент шаҳрининг Сергели, Яшнобод ва Бектемир туманларининг янги раҳбарлари маълум бўлди. Элбек Шукуров Сергели туманига, Жаҳонгир Иброҳимов Бектемир туманига, Бахтиёр Раҳмонқулов эса Яшнобод туманига ҳоким этиб тайинланди.

Элбек Ҳабибуллаевич Шукуров Тошкент шаҳрининг Сергели туманига ҳоким этиб тайинланди.

Элбек Шукуров 1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2009 йилда Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган.

2013-2015 йилларда «Камолот» ёшлар ҳаракатининг Тошкент шаҳри кенгашига раислик қилган, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси ҳамда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари бўлган. 2017 йил июлидан 2018 йил августигача Ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгашига раислик қилган.

2018-2020 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, 2020 йилдан ҳозирги вақтгача Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари сифатида ишлаган.

Жаҳонгир Баҳодирович Иброҳимов Тошкент шаҳрининг Бектемир туманига ҳоким этиб тайинланди.

Жаҳонгир Иброҳимов 1982 йилда Тошкент вилоятида туғилган.

2006 йилда Тошкент архитектура-қурилиш институтини тамомлаган.

2017 йилдан ҳозиргача Сирдарё вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган.

Бахтиёр Тугамбаевич Раҳмонқулов эса Яшнобод туманининг ҳокими этиб тайинланди.

Бахтиёр Раҳмонқулов 1976 йилда Тошкент вилоятида туғилган. 

1997 йилда Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўшинлари муҳандислик билим юртининг қўмондонлик тактик автомобиль қўшинлари мутахассислиги бўйича ва 2008 йилда Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси академиясининг фуқаро муҳофазаси қўмондонлик-штаб тезкор-тактик бошқаруви соҳаси мутахассислигини тамомлаган.

2018 йилдан бугунга қадар Тошкент шаҳар ҳокими ўринборсари – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида 2019 йил сентябридан буён Сергели тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Шамуратов лавозимидан озод этилганди. 

24 август куни эса Яшнобод тумани ҳокими Ҳожиакбар Тиллашайхов ҳамда Бектемир тумани ҳокими Шоҳрух Мамажонов (уларнинг иккиси ҳам 2018 йил июль ойидан буён ҳоким эди) лавозимларидан четлатилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *