Уч нафар спортчимиз «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, интилувчанлиги ва ташаббускорлиги, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, халқ манфаати ва юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонларимизни муносиб рағбатлантириш мақсадида «Мард ўғлон» давлат мукофоти таъсис этилди.

Унга кўра фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун бир гуруҳ юртдошларимиз «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди.

«Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланганларга диплом ва кўкрак нишони тантанали вазиятда топширилиб, совриндорларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.

Қувонарлиси, мукофотланганлар қаторидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасида Ватанимиз довруғини кўкларга кўтариб келаётган уч нафар спортчимиз ҳам ўрин олган:

Лутфиллаев Шарафуддин Рустамович – Тошкент давлат иқтисодиёт университети 3-босқич талабаси (Сурхондарё вилояти), дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси;

Якуббоев Нодирбек Муродбек ўғли – Ўзбекистон Миллий университети 1-босқич талабаси (Хоразм вилояти), шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси;

Мустафин Владислав Алфредович – Сузиш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси (Тошкент шаҳри).

Биз юксак давлат мукофотига сазовор бўлган юртдошларимизни самимий муборакбод этамиз ва келгуси фаолиятларида ҳам омад ёр бўлишини тилаймиз.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *