Чирчиқда полвонлар жам бўлишди

Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт залида кадетлар ўртасида эркин ва юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Чирчиқ шаҳар ҳокими С.Юсупов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор М.Болтабоев, Миллий олимпия қўмитаси президенти маслаҳатчиси Н.Худойқулов иштирок этиб, ёш полвонларга омад тилашди.

2004-2005 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган карантиндан кейинги илк мусобақада беллашувларни юнон-рум кураш усталари бошлаб беришди. Таъкидлаб ўтиш керак, ўнта вазн тоифасида ўтказилган саралаш баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан жами 155 нафар ёш классикларимиз гиламга чиқишди. Куннинг иккинчи ярмида медаллар учун финал беллашувлари ўтказилади.

Эртага, 11 ноябрь куни эркин кураш бўйича мамлакат биринчилиги баҳслари ташкил этилади. Унда ҳам худди юнон-румчиларимизда бўлгани каби -45, -48, -51, -55, -60, -65, -71, -80, -92 ҳамда 110 кг вазн тоифаларида ёш полвонлар Ўзбекистон чемпионлиги учун гиламда ўзаро куч синашишади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *