Ўзбекистондаги барча мактабларда октябрь ойигача буржуйка печларидан воз кечилади

18 август куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати кўриб чиқилди.

Вазирлик ахборот хизмати хабарига кўра, йиғилиш аввалида пандемия шароитида кузатув кенгашлари йиғилишлари ўтказилмагани сабабли ҳудудларда қатор директор лавозимлари бўш қолаётгани, бу масалани тез ва сифатли ҳал қилиш масаласи кўрилган.

Мактабларни очиш бўйича 3та сценарий устида иш олиб борилаётгани, мактаблар янги ўқув йилига шай ҳолатга келтирилиши зарурлиги, хусусан, тоза ичимлик суви билан таъминланиши масаласи муҳимлиги қайд этилган.

«Мактабларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриши масаласи ҳам кўриб чиқилиб, барча мактабларга октябрь ойига қадар маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда буржуйка печларидан воз кечиш зарурлиги ва бунинг учун барча чоралар кўрилиши талаби қўйилди.

Бундан ташқари жойларда хароб аҳволда бўлган мактаб филиаллари фаолиятини тугатиб, уларни тўлақонли мактабларга айлантириш зарурлиги таъкидланди», – дейилади хабарда.

Йиғилишда ўқитувчилар ўртасида дарс тақсимоти масаласи ҳам кўрилиб, «Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида»ги низом бўйича маълумот берилган.

«Мактабларда ўқитувчиларга дарс соатларни тақсимлашда уларнинг эришган натижалари ва касбий маҳоратига эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди», – дейилади ХТВ пресс-релизида.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *