Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг навбатдаги Бош ассамблеяси бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг навбатдаги Бош Ассамблея йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ассоциация раҳбарияти, мутахассислари, вилоят бўлими раҳбарлари, бош мураббийлар, терма жамоа аъзолари ҳамда оммавий-ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилиш кун тартибидаги илк масала – Ўзбекистонда Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш орқали имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун тегишли шароитлар яратиб бериш, Миллий Паралимпия ассоциацияси фаолияти, шунингдек Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Шарифжон Моминджанов нутқ сўзлади.

“Муҳтарам Президентимизнинг бевосита қўллаб-қувватлашлари натижасида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш, бу орқали уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича қатор саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда бутун дунёда бўлгани каби Республикамизда ҳам (СOVID-19) карантин ҳолати бўлишига қарамасдан, хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда миллий терма жамоа аъзоларининг ўқув- машғулот йиғинлари узлуксиз равишда ўтказилмоқда. Жумладан, ортда қолган вақт давомида 20 дан ортиқ маҳорат дарслари, 21 та онлайн тиббиёт семинари ва 12 та онлайн республика мусобақалари ташкил этилди. Шунингдек, карантин талаблари юмшатилган даврда 7 та республика мусобақалари ва бошқа тадбирлар ташкил этилди. Бундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ терма жамоа спортчиларининг халқаро мусобақалардаги натижалари янада яхшиланишига эришилмоқда”, – деди Ш.Моминджанов.

Қайд этиш жоиз, МПА раиси ўринбосари Париж-2024 Паралимпия ўйинларига тайёргарликка ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Унда паралимпия спорт турларининг географияси кенгайиб, пара-велоспорт, пара-қиличбозлик, пара-бадминтон, пара-стол тенниси каби йўналишларда ҳам йўлланмалар учун кураш олиб борилиши таъкидланди. Шунингдек, тоғ чанғиси каби йўналишда ҳам йўналиш очилиб, қишки Паралимпия ўйинларида иштирок этиш режалаштирилгани айтилди.

Шундан сўнг Ассоциация Спорт бўлими мутасаддилари, бош ҳисобчиси ўз фаолиятлари тўғрисида ҳисобот беришди.

Кейин эса кун тартибидаги шу ва бошқа масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Йиғилиш сўнггида Ассоциацияда фаолият олиб бораётган бир қатор мутахассислар ўз фикрларини билдириб ўтишди.

Шунингдек, Ассоциация томонидан юртимизда паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш ва фаолиятини бошламаган вилоятларда ҳудудий бўлимлар очиш, Токио-2020 Паралимпия ўйинлари, Ханчжоу-2022 Параосиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш каби йўналишларда мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди. Қолаверса, кун тартибига мувофиқ, Ассоциациянинг Ижроия қўмитаси ва тафтиш комиссияси таркиби янгиланди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *