Ўзбек тенниси ривожига улкан ҳисса қўшган – Игорь Шепелев 65 ёшга тўлди

Ўзбекистонда теннис спорт турининг ривожига улкан ҳисса қўшган инсон – Игорь Шепелев бугун 65 ёшни қарши олмоқда.

Игорь Николаевич Шепелев 1955 йил 28 июль куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1977 йил Тошкент политехника университетини тамомлаган. У фаолияти давомида 1998-2019 йиллар Ўзбекистон теннис федерацияси Бош котиби лавозимида меҳнат қилган.

Қайд этиш лозимки, айнан мана шу даврда Ўзбекистонда катта теннис сезиларли ривож топди. Бунинг натижасида юртимиздан бир қанча иқтидорли теннисчилар етишиб чиқди.

Бу даврда дастлаб, Ирода Тўлаганова ёшлар ўртасида Уимблдон турнирини ютиб олди. Катталар ўртасида бир қатор WTA мусобақаларида ғалаба қозониб, рейтингда 16-поғонагача кўтарилди.

Эркаклар ўртасида Денис Истомин етишиб чиқди. У ҳам яккаликда ва жуфтликда ATP турнирларида ғолиб чиқиб, рейтингда 33-поғонагача кўтарила олди.

Игорь Шепелев хизмат даври давомида давлатимизнинг юксак мукофотлари – “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” каби орденлар билан тақдирланган.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Игорь Шепелевнинг юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёш авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол қилиб ўстириш йўлидаги хизматларини юксак қадрлайди ва бугунги таваллуд айёми билан самимий муборакбод этади!

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *