5та вилоятда савдо зоналари ташкил этилади

Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида савдо зоналари яратилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ўсишни тиклаш ва тизимли таркибий ўзгаришларни давом эттириш бўйича 2020-2021 йиллардаги амалий ҳаракатлар режаси”да айтилган.

Қайд этилишича, машинасозлик соҳасида республикада автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи барча корхоналар учун тенг шароитлар яратилишини назарда тутувчи «Aвтотранспорт воситаларини ишлаб чиқариш саноати тўғрисида»ги Низомни қабул қилиш мўлжалланган.

Қозоғистон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Озарбойжон, Тожикистон ва бошқа мамлакатларда ҳам автотранспорт воситаларининг саноат усулида йиғишни ташкил этиш бўйича ишлар жадаллаштирилади, электромобиллар бозорини ривожлантириш учун зарур инфратузилмани яратиш бўйича «мақсадли дастур» ишлаб чиқилади.

Шунингдек, «ERP» (ишлаб чиқариш жараёни ва сотишни ҳисобини юритиш) замонавий автоматлаштирилган ҳисобот юритиш тизимини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги техникаларининг нархларини пасайтириш мақсадида, металл прокат истеъмоли учун белгиланган стандартларни қайта кўриб чиқиш, қишлоқ хўжалиги техникаларининг пластмасса қисмлари, ғилдирак дискларини ишлаб чиқариш ва металл қуйиш цехини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Электротехника маҳсулотларининг экспортини ошириш мақсадида, чегарадош ҳудудларда савдо зоналарини яратиш (Тошкент, Aндижон, Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари) кутилмоқда.

Бундан ташқари, мис хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ҳажмини 49 минг тоннагача ошириш, мисни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотни (электротехника ва бошқа соҳаларда) ишлаб чиқариш имкониятларини яратиш мақсадида янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш учун салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш ҳамда электротехника саноатидаги стандартларни халқаро стандартлар билан мувофиқлаштириш кўзда тутилган.

Аввалроқ, импорт қилинаётган тайёр электротехника маҳсулотларига утилизация йиғими жорий этилиши хабар берилганди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *